БЕҲЗОД МУСАЕВГА АНГЛИЯДАН “ҚОРА ХАТ”
Британия идораси Ўзбекистон миграция агентлиги билан меҳнаткашлар юбориш бўйича меморандумни учинчи томонлар аралашуви ва пулли воситачилик шубҳаси туфайли тўхтатди. Собиқ амалдор Азизбек Тоштемиров айбловларини Буюк Британия нотаси билан асослашга уринмоқда.
Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров агентлик директори, собиқ вазир Беҳзод Мусаевга қарши яна бир оғир айблов билан чиқди. Бу сафар гап Ўзбекистон фуқароларини Буюк Британиядаги мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига юбориш тизими, пулли воситачилар ва икки давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг тўхтатилиши ҳақида бормоқда.
Тоштемиров ўз даъволарига асос сифатида 2025 йил 12 февралда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига юборгани айтилган 045/25-сонли дипломатик нота нусхасини эълон қилди.
Ҳужжатда Британиянинг Меҳнат эксплуатациясига қарши кураш ва ишчи ёллашни назорат қилиш идораси – GLAA Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан тузилган ўзаро англашув меморандумини зудлик билан тўхтатиб туриш ниятида экани қайд этилган.
Сабаб жиддий: Британиянинг Мавсумий ишчилар дастурига фуқароларни жалб қилиш жараёнига учинчи томонлар аралашган ва иш топиб бериш учун пул олинган.
БРИТАНИЯ НОТАСИ НИМАНИ ТАСДИҚЛАЙДИ?
Нота матнига кўра, GLAA 2025 йил 11 февралда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарига хат йўллаб, икки ташкилот ўртасидаги меморандум тўхтатилаётганини маълум қилган.
Британия томони учинчи шахсларни ишчи ёллаш жараёнига жалб этиш ва фуқаролардан иш топиб бериш ҳақи олишни меморандумнинг 3-моддаси 1(b)-банди бузилиши деб баҳолаган.
Ҳужжатда меморандум батамом бекор қилингани эмас, балки учинчи томонлардан фойдаланиш тўхтатилгани ва меҳнат эксплуатацияси хавфи назоратга олинганига ишонч ҳосил қилингунига қадар зудлик билан тўхтатиб турилиши айтилган.
GLAA муаммоларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Миграция агентлиги билан мулоқот ўтказишни ҳам сўраган. Британия элчихонаси эса зарурат туғилса, бундай мулоқотни ташкил этишга тайёрлигини билдирган.
Шундай қилиб, Британия томони Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилиш тизимида пулли воситачилик ва меҳнат эксплуатацияси хавфини расмий даражада жиддий муаммо деб билади.
HOPS ҳам ўз расмий кўрсатмаларида мавсумий иш дастури орқали ишга жойлашиш мутлақо бепул эканини, ариза топширишда ёрдам учун кимгадир пул берган шахс дастурда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкинлигини огоҳлантирган.
ТОШТЕМИРОВ МУСАЕВНИ НИМАДА АЙБЛАМОҚДА?
Азизбек Тоштемировнинг даъво қилишича, 2025 йил 10 январда Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланганида электрон тизимда катта узилиш юз берган.
Ўша пайтда минглаб фуқаролар бир вақтнинг ўзида сайтга киришга уринган, аммо кўпчилик рўйхатдан ўта олмаган. Оммавий ахборот воситалари ҳам техник муаммолар ва учинчи томонлар аралашуви ҳақидаги шубҳалар ортидан танлов натижалари бекор қилинганини хабар қилган.
Тоштемиров эса муаммо шунчаки техник носозлик бўлмаганини даъво қилмоқда.
Унинг айтишича, Беҳзод Мусаевга алоқадор деб кўрсатилаётган икки хусусий бандлик агентлигига тизимга кириш учун яширин имконият берилган. Бу агентликлар фуқароларни пул эвазига рўйхатдан ўтказишни таклиф қилган, оддий аризачилар эса очиқ тизим орқали киролмай қолган.
Тоштемиров бу икки компаниядан бири «NAIMIX» бўлганини айтмоқда.
Бироқ Элтузар ҳозирча хусусий агентликларга махсус ҳавола ёки IP-манзиллар ажратилгани, уларнинг кимга алоқадорлиги ҳамда фуқаролардан пул олгани ҳақидаги даъволарни мустақил тасдиқлай олмади. Тақдим этилган Британия нотасида ҳам Беҳзод Мусаев, «NAIMIX» ёки бошқа бир хусусий компания номи тилга олинмаган.
Шундай бўлса-да, ҳужжатда учинчи томонлар аралашуви ва иш топиб бериш учун ҳақ ундирилиши очиқ ёзилган. Бу эса Тоштемиров кўтарган саволларни оддий «асоссиз гап» деб четга суришга имкон қолдирмайди.
АГЕНТЛИК НЕГА ЖАВОБГАРЛИКНИ HOPS ЗИММАСИГА ЮКЛАГАН?
2025 йил январда Миграция агентлиги HOPS рўйхатдан ўтиш натижаларини бир томонлама бекор қилганини маълум қилган ва эътирозларни Британия компаниясига йўналтирган эди.
Аммо кейинги дипломатик нота воқеанинг бошқа томонини кўрсатмоқда.
Британиянинг ваколатли идораси ҳамкорликни шунчаки техник носозлик туфайли эмас, балки ёллаш жараёнига учинчи томонлар аралашгани, иш топиб бериш учун пул олингани ва меҳнат эксплуатацияси хавфи пайдо бўлгани сабабли тўхтатганини билдирган.
Шундай экан, барча масъулиятни HOPS зиммасига юклаб, Ўзбекистон томонидаги тизим қандай бошқарилганини тушунтирмаслик жамоатчиликни чалғитишга ўхшайди.
Беҳзод Мусаев қуйидаги саволларга шахсан ва ҳужжатлар билан жавоб бериши керак:
Мавсумий иш дастурига рўйхатдан ўтиш жараёнида қайси хусусий компаниялар иштирок этган?
Уларга бошқа аризачиларда бўлмаган техник имконият ёки алоҳида кириш йўли берилганми?
Фуқаролардан рўйхатдан ўтказиш ёки иш топиб бериш учун пул олингани ҳақида агентликка шикоятлар келиб тушганми?
GLAA меморандумни тўхтатишидан аввал агентлик раҳбарияти қандай текширув ўтказган?
Британия томони билан ҳамкорлик тўхташига сабаб бўлган мансабдорлар ва воситачилар аниқланганми?
«NAIMIX» ушбу жараёнда қатнашганми ва Беҳзод Мусаевнинг оила аъзолари билан унинг ўртасида қандайдир манфаатлар алоқаси бўлганми?
Бу саволларга умумий раддия ёки матбуот хизмати тайёрлаган бир неча жумлали баёнот етарли эмас.
КОРЕЯДАН КЕЙИН АНГЛИЯ: ЯНА ЎША «NAIMIX»МИ?
Элтузар 22 июл куни Тоштемировнинг Жанубий Кореяга E-8 визаси орқали ишчи юбориш тизими бўйича илгари сурган даъволарини ёритган эди.
Собиқ амалдор ўша чиқишида Беҳзод Мусаев ўз куёвига «NAIMIX» ходими сифатида сохта ҳужжат тайёрлатгани ва кейинчалик E-8 дастурини ҳам шу хусусий компанияга топширганини даъво қилган. Бу айбловлар ҳозиргача ваколатли идоралар томонидан тасдиқланган эмас.
Элтузарнинг аввалги мақоласини ўқинг
Энди «NAIMIX» номи Британияга ишчи юбориш тизими ҳақидаги янги даъволарда ҳам пайдо бўлмоқда.
Бир компаниянинг турли давлатларга ишчи юбориш билан боғлиқ икки можарода тилга олиниши тасодифми ёки тизимли манфаатлар тўқнашувининг белгисими?
Бу саволга прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ҳукумат даражасида мустақил текширув ўтказилмасдан жавоб топиб бўлмайди.
МИНГЛАБ ФУҚАРОЛАРНИНГ ИМКОНИЯТИ КИМНИНГ МАНФААТИ УЧУН ЙЎҚОТИЛДИ?
Тоштемиров ҳамкорлик тўхташи оқибатида 2025 ва 2026 йилларда ҳар йили тахминан 5 минг нафардан, жами 10 минг фуқаро Британияда ишлаш имкониятидан маҳрум бўлганини айтмоқда.
Бу рақам ҳам ҳозирча расмий манбалар билан тасдиқланган эмас. Қолаверса, Британиядаги мавсумий ишлар учун аниқ квота, иш берувчилар эҳтиёжи ва амалда юборилиши мумкин бўлган ишчилар сони йилдан йилга ўзгариши мумкин.
Бироқ Тоштемиров келтирган ҳисоб бўйича, 10 минг киши олти ой давомида ойига 1,5-2 минг доллардан даромад олганида, умумий тушум тахминан 90 миллиондан 120 миллион долларгача бўлиши мумкин эди.
Бу фақат назарий ҳисоб. Аммо унинг ортидаги асосий масала ўзгармайди: давлат идорасидаги шаффофсизлик ёки пулли воситачилик туфайли ҳатто бир неча минг фуқаро иш имкониятидан маҳрум бўлган бўлса, бу оддий маъмурий хато эмас.
Бу оилаларнинг даромади, қарзлари, болаларининг таълими ва мамлакатга кириши мумкин бўлган миллионлаб доллар маблағ тақдирига дахл қилган қарор бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг