Ўзбекистонда ҳоким бўлиш учун қанча пул керак? Расман – ноль сўм.

Конституцияга кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Яъни қонунчиликда «ҳокимлик нархи» деган тушунча йўқ.

Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фош қилаётган айрим воқеаларга қарасангиз, норасмий «ставка» ҳақида жуда қизиқ манзара пайдо бўлади.

2023 йил – Учкўприк тумани ҳокими ставкаси 80 минг доллар бўлган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йилда ўзини Президент администрацияси ходими сифатида таништирган шахс ва унинг шериги бир фуқарога Учкўприк тумани ҳокими бўлишни 80 минг долларга **«ҳал қилиб бериш»**ни таклиф қилган.

Ҳатто «ҳужжатларни расмийлаштириш» учун олдиндан 25 минг доллар сўралган.

Икки шахс шу 25 минг долларни олаётганда ушланган.

Орадан уч йил ўтди.

2026 йил Учкўприк тумани ҳокими бўлиш 210 минг долларга чиққан.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг 2026 йил 8 сентябрдаги хабарига кўра, бир шахс ўзини ҳакамлик суди судьясининг ёрдамчиси деб таништириб, «юқори лавозимларда ишловчи танишлари» орқали фуқарони Учкўприк тумани ҳокими қилиб қўйишни 210 минг долларга ваъда қилган.

Келишилган пулнинг 100 минг долларини олаётган пайтда ушланган.

Ҳолат бўйича фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ моддалар асосида жиноят иши қўзғатилган.

Демак, уч йилда Учкўприк ҳокимлиги $80 000 дан $210 000 гача чиққан.

Нима бу инфляциями ёки аҳоли даромади ўсаётгани кўрсаткичи? Ёки ҳокимликнинг «кадастр қиймати» ошдими? Ёки фирибгарларнинг иштаҳаси янада катталашдими?

Албатта, бу икки ҳолат Ўзбекистонда ҳокимлик лавозимлари ҳақиқатда пулга сотилади, деган хулосани исботламайди. Аксинча, расмий маълумотларда гап ҳоким қилиб қўйишни ваъда қилган ва бу орқали пул олишга уринган шахслар ҳақида кетмоқда.

Аммо бошқа, анча жиддий савол бор.

Нега одам 80 минг доллар берса ҳам, 210 минг доллар берса ҳам ҳоким бўлиб қолиши мумкинлигига ишонади?

Нега фирибгар «Сени ҳоким қилиб қўяман» деб, бемалол юз минглаб доллар сўрай олади?

Ва энг қизиғи нега қарши томон «Бу ахир мумкин эмас-ку» деб, эътироз билдирмайди?

Коррупция фақат пул олишдан бошланмайди. Коррупциянинг энг хавфли босқичи – жамиятда «керакли одамни топсанг, исталган лавозимни ҳал қилиш мумкин» деган тасаввурнинг пайдо бўлишидир.