ГЕНЕРАЛ АБДУСАЛОМ АЗИЗОВ ҲИБСГА ОЛИНДИ
Элтузар манбаларига кўра, собиқ ДХХ раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов Тошкентда уйидан махсус гуруҳ томонидан олиб кетилиб, ҳибсга олинган. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий уюшма тузишда айбланаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматини беш йилдан ортиқ бошқарган генерал-лейтенант Абдусалом Азизов 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси Тошкентдаги уйидан олиб кетилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил бир неча манба Элтузарга собиқ ДХХ раиси ҳибсга олинганини маълум қилди.
Манбаларнинг айтишича, генерални олиб кетиш учун махсус гуруҳ келган. Уларнинг сўзларига кўра, гуруҳ аъзолари Азизовнинг бошига ниқоб кийдириб, уни уйидан олиб чиқишган.
Элтузар манбалари Азизов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, жиноий уюшма тузиш ва растрата каби қатор жиноятларда айбланаётганини айтди. Уларнинг маълумотига кўра, Азизов ҳарбий унвонидан, давлат берган уйдан ва имтиёзлардан ҳам маҳрум қилинган.
Манбалар тунги ҳибсдан аввал Азизов уй қамоғида бўлганини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, генерал август ойида Президент администрациясидаги ишидан бўшатилиб, уй қамоғига олинган. Унинг лавозимидан озод этилган аниқ сана ҳозирча маълум эмас.
Азизовга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақидаги дастлабки гап-сўзлар ёз охирида тарқалган эди. Ўтган ой Озодлик радиоси генералга доир терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бораётганини хабар қилди.
66 ёшли Абдусалом Азизов 2024 йил 23 ноябрда ДХХ раислигидан олингач, Президент администрациясига ўтган эди. У президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Азизов ички ишлар тизимида қарийб йигирма йил ишлаб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғигача кўтарилган. У 2002–2006 йилларда «Ўзбекнефтгаз»га, 2006–2008 йилларда «Ўзнефтмаҳсулот»га раҳбарлик қилган, кейин ички ишлар тизимига қайтган. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида Азизов 2017 йил январда ички ишлар вазири, ўша йилнинг сентябрида мудофаа вазири этиб тайинланган. 2019 йил 11 февралда эса ДХХ раҳбарлигига келган.
Азизовнинг ДХХ раислигидан олинишини 2024 йилги сайлов арафасида хавфсизликни таъминлашдаги камчиликлар билан боғлайдиган версия ҳам бор. Бу версияга кўра, 27 октябрдаги парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловидан бир кун аввал Комил Алламжоновга қилинган суиқасд генералнинг лавозимдан кетишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг