Ўзбекистон Электрон технологияларни ривожлантириш маркази раҳбари, генерал-майор Омониллахон Ҳожиакбаров ҳарбий суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Элтузар Ҳожиакбаров қамоққа олингани ҳақида 17 июль куни хабар берган эди. Ўша мақолада генерал Омонулло Ҳожиакбаров номи билан тилга олинган. Ўшанда у қайси жиноят иши доирасида ва қандай асос билан ҳибсга олингани маълум эмас эди.

Элтузар манбаларига кўра, ҳарбий суд генерални Жиноят кодексининг 162-моддаси 1-қисми ва 301-моддаси 3-қисмининг «а» банди бўйича айбдор деб топган. 162-модданинг биринчи қисми давлат сирларини ошкор қилиш учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

301-модданинг хабарда келтирилган банди ҳарбий мансабдорнинг ваколатни суиистеъмол қилиши, ваколат доирасидан чиқиши ёки ҳаракатсизлиги одам ўлимига сабаб бўлган ҳолатга тааллуқли. Модданинг учинчи қисми бўйича жазо 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Бу банд ишнинг қайси ҳолатига татбиқ этилганини аниқ эмас.

Ҳожиакбаров раҳбарлик қилган марказ давлат органларининг ахборот тизимлари, рақамли инфратузилмаси ва идоралараро электрон маълумот алмашинуви соҳасида фаолият юритади. Жиноят ишининг марказ фаолияти билан боғлиқлиги ёки қандай маълумот ошкор қилингани ҳақида очиқ маълумот йўқ.