Жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди Ғаллаоролдаги уйида икки кишига жинсий алоқа қилиши учун 200 минг сўм эвазига хона ажратган С.Қу.ни айбли деб топди. Суд ҳукми билан унга Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми бўйича 20 миллион 600 минг сўм жарима тайинланди.

31 июль куни С.Қ.га бир йигит қўнғироқ қилиб, таниш аёли билан учрашиш учун уйидан жой ажратишни сўраган. С.Қ. 200 минг сўм сўраган ва шу куни кечқурун уларни Ғаллаорол туманининг Бойларовул қишлоғидаги уйининг меҳмонхонасига киритган. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, туман ички ишлар бўлими ходимлари келган ва Қурбоновдан 200 минг сўмни ашёвий далил сифатида олиб қўйган.

С.Қ. судда айбига иқрор бўлиб, бундай ишни биринчи марта қилганини айтган. Суд гувоҳ кўрсатувлари, телефон суҳбатлари стенограммаси ва пулни олиб қўйиш баённомасини ўрганиб, унинг ҳаракатларини ғаразли ниятда фоҳишахона ташкил этиш деб баҳолаган.

Суд С.Қ.нинг илгари судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги ва оғир оилавий аҳволини инобатга олиб, моддада кўзда тутилган энг кам жаримани – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварини тайинлаган. Жарима давлат фойдасига ундирилади.

Шундай қилиб С.Қ.нинг жалабхона очиш орзуси саробга айланди.