Одатда ОТТ ректорлари учун қўл остидаги проректорлар «ёмон полициячи» рўлини бажаради. Ректор ҳазратлари нохуш қарорлардан бехабар, фақат тантанали мукофот топшириш ва тайинловларда бош-қош бўлади.

Проректорлар гўё ёмонотлиқ бўлиш эвазига 300-500 фоизгача ойлик устама олишади. Бу устаманинг шундан бошқа арзирли сабаби йўқ. Маошдаги тафовут сабаб бугун кўпоаб ректору-проректорлар профессор-ўқитувчиларни оёқ учида кўради. Кўрмаганнинг кўргани қурсин.

Амалда шу карра-карра кўпроқ маошни оқлайдиган бирор ҳаракат йўқ. Барча топшириқларни қуйи поғона бпжаради, халқаро келишувлар ҳам асли мудирлар бўйнида. Бу проректорлар вазирликдан чиққан жадвалу, топшириқларни қуйига узатувчи яримўтказгич холос. Улар нима каромати учун 200-300 ва ҳатто 500 фоизлаб устама олади?

Мажлисларни айириб ташлаб шу лавозимда ўтирганларнинг фойдали иш коэффициентини ҳисоблайлик. Бир йил давомида проректор шахсан қандай илмий лойиҳани амалга оширди? Қанча грант маблағини университетга олиб кирди? Қайси халқаро ҳамкорликни реал натижага айлантирди? Нечта профессор-ўқитувчининг илмий фаолиятига амалий ёрдам берди? Университетнинг таълим сифати, илмий салоҳияти ва халқаро нуфузи унинг шахсий меҳнати ҳисобига қанча ўсди?

Бу саволларга аниқ рақамлар билан жавоб берилса, эҳтимол, аксарият проректорларнинг фойдали иш коэффициенти уларнинг ойлигига қўшилаётган устама фоизидан бир неча ўн баробар паст чиқар.

Вазирликдан келган хатни кафедрага юбориш бошқарув маҳорати эмас. Бошқалар тайёрлаган ҳисоботга имзо қўйиш ҳам ишми? Кафедра мудири, декан ва бўлим бошлиқлари топган хорижий ҳамкор билан суратга тушиш халқаро фаолиятми шунда?

Ўқитувчилар бажарган ишни минбардан ўз ютуғи сифатида эълон қилиш раҳбарликнинг энг арзон кўриниши. Арзонгаров раҳбарлар бюджетнинг улкан сарфига арзимайди.