Олий таълим ташкилотининг энг қуйи бўғимида тюторлар туради. Лекин айнан тюторлар энг паст ойликка энг кўп ишни қилишади. Тюторлар «типа» ҳоким ёрдамчиси, маҳалла еттилиги – университет ва институтларнинг барча югур-етим ишлари тютор зиммасида. Уларнинг маоши 6 миллион, жа борса 7 миллион атрофида. Бу ойликка нима ишлар қилинади ўзи?

Талабалар билан маънавий-маърифий ишлар олиб борилади. Тадбирлар декорацияси, музей ва театрларга бориш йўлкираси, жума миллийбозлиги, талабаларни турли давлат тадбирларига етаклаб олиб бориш, давоматни пойлаш, ТТЖга қатнаш, шаҳар бўйлаб 50-70 та ижара хонадонларга йилига 4 марталаб бориш, миллиард марта жадвал тўлдириш…. мажбуриятларнинг, харажатларнинг чек-чегараси йўқ.

Майли, шунга яраша тюторлар дарс ўтмайди, дейиш мумкин. Бироқ университетнинг ушбу тоифа «техник ходимлари» билан бир йиллик шартнома тузилади холос. Яъни тюторлар расман 10 ой ишлайди, 1 ой нотўлиқ маош – таътил пули олади. Август ойида улар ишсизга айланади.

Шу маъмурий рычагдан ОТТлар раҳбарияти моҳирона фойдаланади. Янги ўқув йилида ишсиз қолмаслик учун тюторлар ҳар қандай босимга унсиз чидайди.

«Ҳар таътилда икки ой пулсиз ва умидсиз қоламиз. Кейинги йил ишга олишлари учун қабулда ҳам, талабаларни кутиб олишда ҳам қатнашамиз. Университетлар истаган баҳонаси билан шартномани бекор қилиши, ўрнимизга бошқа номзодларни ишга олиши мумкин. Бу ҳолат бутун республикада шундай. Бўшатишлар ҳисобидан янги номзодлар ишга олинади. Ишга кириш ҳам текин эмас…» – дейди Элтузарга мурожаат қилган тютор.

«Талабанинг НБсини ўчириб, ҳемисдаги қизилдан чиқариш нархи 50 доллардан бошланади. Шу пулни олиб ўқув замдекан билан муроса қилган тюторнинг ошиғи олчи бўлади. Бу схема барча олийгоҳларда бор. Талабалар қизилга тушиб қолишдан қўрқмайди ҳам. Чунки тютор билан келишиш кредит модул қарзини тўлашдан арзон тушади. Талабалар бемалол ишлайди, дарсга келмай семестрни ёпиш иқтисодий жиҳатдан манфаатлироқ. Йиғилган пулдан улуш декандан тортиб ректоргача кўтарилади» – дейди Элтузар билан суҳбатда яна бир тютор.

Масала оддий меҳнат низосидан анча жиддийроқ. Ўнлаб, юзлаб талабаларнинг муаммоси билан шуғулланадиган, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ходимнинг ўзи меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига муҳтож бўлиб қолмоқда.

Таълимда сифат, инсон қадри, ижтимоий адолат ҳақида баландпарвоз маърузалар қилинади. Аммо шу ғояларни талабаларга сингдириши керак бўлган тютор эртанги иш ўрнидан хавотирда яшайди. Раҳбариятга ёқмаса, кейинги йил шартнома тузилмаслиги мумкинлигини билади.

Шу ўринда Таълим ва илм-фан вазирлигига савол туғилади – тюторлик доимий меҳнат вазифаси бўлса, нега уни бажарадиган ходимнинг иш ўрни ҳар йили сўроқ остида қолиши керак? Нега ўқув йили давомида талабалар учун масъул бўлган ходим ёзда ўз тақдирига ташлаб қўйилиши керак?

Тюторларнинг меҳнат шартномалари, таътил пули, иш вақтидан ташқари бажарадиган вазифалари ва қайта ишга қабул қилиш тартиби республика миқёсида ўрганилиши зарур. Хусусан, ишга қабул қилишда пул талаб қилиниши, Ҳемисни айланиб ўтиш схемалари текширувга муҳтож.

Тютор университетнинг барча юмушига югурадиган бепул хизматкор, пул йиғадиган оғзи қон бўри эмас. У ҳам меҳнат ҳуқуқлари, барқарор иш ўрни ва муносиб муносабатга ҳақли ходим.

Талабанинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган одам аввало ўз ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган шароитда ишлаши, коррупцион схемалардан йироқ бўлиши керак.