17 ноябрь куни IMAN компанияси Russell Bedford томонидан ўтказилган махсус молиявий текширув натижаларини эълон қилди. Компания 20 миллион долларлик камомад ҳақидаги даъволар тасдиқланмаганини билдирди.

Бироқ молия эксперти Хондамир Нусратхўжаевнинг таъкидлашича, бу текширув тўлақонли молиявий аудит ҳисобланмайди ва компаниянинг умумий молиявий аҳволига якуний баҳо бермайди.

Маҳмуд Усмоннинг даъволари ҳақиқатан рад этилганми, IMAN’нинг молиявий ҳолати қандай ва компания фаолияти ислом молияси талабларига қанчалик мувофиқ? Бу саволлар жавоби мавҳум қолмоқда.

Шунингдек, таҳлилда 44 миллиард сўмлик қарз ва эҳтимолий йўқотишлар учун 3,9 миллиард сўмлик захира масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Мутахассис фикрича, махсус текширув натижаларини компаниянинг барча молиявий мажбуриятлари бажарилгани ёки унга нисбатан билдирилган эътирозлар асоссиз эканининг исботи сифатида қабул қилиб бўлмайди.

IMAN атрофидаги баҳсларга тўлиқ ойдинлик киритиш учун компаниянинг молиявий ҳисоботлари, мажбуриятлари ва ислом молияси тамойилларига мувофиқлиги юзасидан қўшимча мустақил баҳолаш талаб этилади.