ИҚЛИМ ИНҚИРОЗИ: ДУНЁНИНГ ҚАЙСИ ҲУДУДЛАРИ ХАВФ ОСТИДА?
Иқлим инқирози Жанубий Осиёдан то Марказий Осиё ва Тинч океани оролларигача миллионлаб одамлар ҳаётига таҳдид солмоқда. Қайси минтақалар жазирама, сув танқислиги ва денгиз сатҳининг кўтарилишига энг кўп дуч келяпти?
Биз урушлар, иқтисодий инқирозлар ва сиёсий зиддиятлар билан бандмиз. Аммо келажагимизга жиддий хавф солаётган яна бир муаммо бор – иқлим ўзгариши. Унинг оқибатлари аллақачон дунёнинг турли минтақаларида сезилмоқда.
Жанубий Осиёда Ҳиндистон ва Покистон аҳолиси кучли жазирамага, Бангладеш сув тошқинлари ва денгиз сатҳининг кўтарилишига дуч келмоқда. Бу ҳудудларда ёз ойларида очиқ ҳавода меҳнат қилиш тобора хавфли бўлиб боряпти.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада асосий муаммо сув танқислиги. Ироқ, Эрон, Миср ва Саудия Арабистонида юқори ҳарорат ҳамда сув захираларига босим аҳоли турмуши ва қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатмоқда.
Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги ҳудудларида қурғоқчилик ва ҳосилсизлик миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид бўлиб қоляпти. Сомали, Эфиопия ва Чад каби мамлакатларда иқлим муаммолари мавжуд иқтисодий қийинчиликларни янада оғирлаштирган.
Тинч океанидаги орол давлатлари учун денгиз сатҳининг кўтарилиши энг катта хавф. Тувалу ва Кирибати каби мамлакатларда айрим аҳоли манзилларининг узоқ муддатли келажаги савол остида.
Марказий Осиёда вазият бошқачароқ. Тоғ музликлари қисқаряпти, сувга талаб ортган. Ўзбекистонда Қорақалпоғистон ва Хоразм Оролбўйи экологик муаммоларидан, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё эса жазирама ҳамда сув танқислигидан кўпроқ зарар кўриши хавфи бор.
Иқлим ўзгаришига тарихан энг кам ҳисса қўшган айрим камбағал мамлакатлар унинг энг оғир оқибатларини бошдан кечирмоқда. Бой давлатлар янги технологиялар ва молиявий имкониятлар ҳисобига хавфларга яхшироқ мослаша олади.
Инсоният иқлим ўзгаришининг сабабларини ҳам, оқибатларини ҳам яхши билади. Аммо бугунги иқтисодий манфаатлар келажак хавфсизлигидан устун қўйиляпти афсуски. Сизнингча Ер сайёрасида келажак авлодларимизни қандай ҳаёт кутяпти?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг