АҚШ ЯНГИ ЙИЛДАН КЕЙИН ЭРОНГА ЯНА ЗАРБА БЕРИШИ МУМКИН
Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон йил охиригача келишувга эриша олмаса, янги йилдан кейин Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди. У Эронни музокараларни чўзишда ва тажовузкорликда айблади.
АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон йил охиригача келишувга эришмаса, янги йилдан кейин Эронга ҳарбий зарбаларни қайта бошлашга мойиллигини билдирди.
У Fox News’га берган изоҳида Эрон вакилларини музокараларни чўзишда айблади.
Трампнинг айтишича, Теҳрон билан билвосита музокаралар давом этмоқда. Бироқ у Эрон томони АҚШдаги сайловдан аввалгига қараганда «ҳозир тажовузкорроқ» эканини даъво қилди. У эронлик музокарачиларни истеҳзо билан «гапни айлантириш усталари» деб атаб, уларнинг гапидан амалий натижа чиқмаётганини айтди.
Трамп Эрон давлат матбуотида Теҳрон АҚШнинг денгиз қамалини ёриб ўтишга уриниши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларга ҳам муносабат билдирди.
«Уриниб кўришсин. Ҳаммаси флотнинг қолган қисми каби денгиз тубига кетади», деди у. АҚШ Эрон портларини денгиздан қамалда ушлаб турган бир пайтда Ҳурмуз бўғозидаги кескинлик ҳам давом этмоқда.
Трамп 19 ноябрь куни Reuters’га берган интервьюсида ҳам янги зарбалар эҳтимоли ҳақида йил бошидан кейин гапиришини айтган эди.
Iran International хабарига кўра, Форс кўрфази давлатлари можарони музокара орқали ҳал қилишга чақирмоқда. Қатар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида хабар алмашишда воситачилик қиляпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг