ТРАМП, СИ ВА ПУТИН ЯКУНИЙ БАЁНОТИДА УКРАИНА УРУШИ ТИЛГА ОЛИНМАДИ
Шэньчжэньдаги учрашувда Трамп, Си ва Путин ядровий урушга йўл қўймаслик ва қурол тарқалишини чеклаш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишди. Бироқ якуний баёнотда Украина уруши ва Эрон билан можаро тилга олинмади.
АҚШ президенти Дональд Трамп, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида учрашиб, ядровий хавфларни камайтириш бўйича мулоқот олиб боришга келишди. Reuters хабарига кўра, уч томонлама учрашув якунида қабул қилинган баёнотда мулоқотнинг муддати белгиланмади, Россиянинг Украинага қарши уруши ва АҚШнинг Эрон билан можароси эса тилга олинмади.
Уч давлат ядровий урушда ғолиб бўлиш мумкин эмаслиги ва бундай урушга ҳеч қачон йўл қўймаслик кераклигини яна бир бор таъкидлади. Улар ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳам мулоқот қилишга ваъда берди. Аммо Трамп биринчи президентлик муддатидан бери илгари сураётган уч томонлама ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси бўйича музокаралар баёнотдан ўрин олмади. Пекин ўз ядровий арсенали АҚШ ва Россияникидан анча кичиклигини айтиб, бу таклифни рад этиб келади.
АҚШдаги Қурол назорати ассоциацияси ижрочи директори Дэрил Кимболл ядровий урушга йўл қўймаслик ҳақидаги баёнотни ижобий баҳолади. У қуролсизланиш бўйича амалий дипломатик қадамлар зарурлигини таъкидлади.
Раҳбарлар БМТ ислоҳотларини илгари суриш, барча мамлакатларга ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш ва халқаро судларда давлат амалдорларининг иммунитетини ҳимоя қилишга ҳам келишди. Иммунитет ҳақидаги банд Халқаро жиноят суди Путин ва бошқа россиялик амалдорларни Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар юзасидан ҳибсга олишга ордер берганидан уч йилдан ошиқ вақт ўтиб қабул қилинди. Москва айбловларни рад этади. Путин матбуот анжуманида баёнот катта мақсадларни кўзламаганини ва унинг қарорларини бажаришга ҳеч ким мажбурланмаслигини айтди.
Шэньчжэнь музокараларига Европа вакиллари жалб этилмагани ва Трампнинг Путинни «дўст» деб атагани АҚШнинг европалик иттифоқчилари норозилигига сабаб бўлди. Шу куни Берлинда Украинага ёрдам масаласида йиғилган иттифоқчилар олдида Германия канцлери Фридрих Мерц «Ялта формати» тинчлик олиб келмаслигини айтди. Путин эса учрашувни 1945 йилги Ялта конференциясига қиёслаган танқидларга жавобан, ўша анжуман мавжуд вазиятни расмийлаштирганини таъкидлади. Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Шэньчжэнь учрашуви Путин орзу қилган янги Ялтага айланмаганини билдирди.
Трамп NBC телеканалига учрашувни ўн баллик шкалада «12 балл» билан баҳолашини айтди. АҚШ Сенатидаги демократлар етакчиси Чарльз Шумер эса саммитни «тарихий шармандалик» деб атади. Reuters суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, Трамп оралиқ сайловларда республикачилар Конгресс устидан назоратни йўқотгач, ўз сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш учун Шэньчжэнга келган.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И уч давлат мулоқотни ишчи даражада давом эттиришини билдирди. Трамп бир неча ҳафтадан сўнг Флоридада ўтадиган G20 саммитида Си билан яна учрашиши кутилмоқда. Путин ҳам саммитда қатнашиш масаласини Трамп билан муҳокама қилганини ва таклифни кўриб чиқишини айтди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг