УКРАИНА ЗАРБАЛАРИ РОССИЯДА НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ҲАЖМИНИ ҚАРИЙБ ИККИ БАРОБАРГА КАМАЙТИРДИ
Украинанинг дрон зарбалари Россияда нефть қайта ишлаш ҳажмини 45 фоизга қисқартирди, бир қатор йирик заводлар ишдан тўхтади. Бу ёқилғи импорти ўсиши, ички бозорда танқислик ва Марказий Осиёда нархлар ошиши хавфини оширмоқда.
Украинанинг Россия нефть саноати объектларига йўллаётган мунтазам зарбалари жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келмоқда. Октябрь ойи охиридан буён Россияда нефть қайта ишлашнинг кунлик ҳажми 45 фоизга қисқарган. Мамлакатдаги 35 та йирик нефть қайта ишлаш заводининг 15 таси фаолияти издан чиққан ёки бутунлай тўхтаган.
Бу ҳақда 18 ноябрь куни Reuters агентлиги нефть саноатидаги икки манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, сўнгги 20 кун давомида деярли ҳар куни амалга оширилган дрон ҳужумлари оқибатида Россияда нефть қайта ишлаш ҳажми суткасига 700 минг тоннадан ортиқ кўрсаткичдан 400 минг тоннагача тушган.
Зарбага учраган корхоналарнинг умумий лойиҳавий қуввати Россия нефть қайта ишлаш саноати жами қувватининг 54 фоизига тенг.
Рязань, Ярославль, Кириши ва Волгабўйидаги йирик саноат корхоналари жиддий зарар кўрган. Россия Энергетика вазирлиги Reuters сўровига жавоб бермаган.
Айни пайтда ноябрь ойидаги ўртача кунлик нефть қайта ишлаш ҳажми ҳозирча 500 минг тоннадан юқори бўлиб, сентябрь ва октябрь ойларидаги кўрсаткичдан 5–10 фоиз паст.
НЕФТЬ ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ РОССИЯ БЕНЗИН ИМПОРТ ҚИЛМОҚДА
Украина зарбаларининг оқибатлари Россиянинг ички ёқилғи бозорида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Financial Times нашри маълумотларига кўра, октябрь ойида Россиянинг денгиз орқали бензин импорти рекорд даражага — 390 минг тоннага етган.
Дунёнинг энг йирик нефть экспортчиларидан бири бўлган мамлакат ўз аҳолисини бензин билан таъминлаш учун хориждан ёқилғи сотиб олишга тобора кўпроқ мажбур бўлмоқда.
The Moscow Times нашри маълумотларига кўра, 9–13 ноябрь кунлари Санкт-Петербург товар биржасида бензиннинг улгуржи савдоси олдинги ҳафтага нисбатан 31 фоизга қисқарган. АИ-92 бензини савдоси 33 фоизга, АИ-95 бензини савдоси эса 27 фоизга камайган.
КРЕМЛЬ УЧУН СТРАТЕГИК МУАММО
Киевнинг нефть саноатига қарши кампанияси Россиянинг нафақат ёқилғи таъминотига, балки уруш олиб бориш иқтисодий имкониятларига ҳам босим ўтказмоқда.
Нефть қазиб олиш ва уни қайта ишлаш бир хил нарса эмас. Россия ер остидан миллионлаб баррель нефть чиқариши мумкин, аммо қайта ишлаш корхоналари ишламаса, бу нефть автомобиллар, танклар, ҳарбий техника ва самолётлар учун зарур ёқилғига айланмайди.
Заводларнинг қайта-қайта зарбага учраши уларни таъмирлаш харажатларини оширади. Ғарб санкциялари шароитида мураккаб технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмларни алмаштириш ҳам қийинлашади.
Бундан ташқари, Кремль ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш, экспортдан даромад олиш ва армия эҳтиёжларини қондириш ўртасида тобора мураккаб танловга дуч келиши мумкин.
Бироқ нефть қайта ишлаш ҳажмининг 45 фоизга пасайиши Россиянинг нефть даромадлари ҳам шунчага қисқарганини англатмайди. Москва хом нефть экспортини кўпайтириш орқали йўқотишларнинг бир қисмини қоплашга уриниши мумкин. Аммо портлар ва экспорт инфратузилмасига йўлланаётган зарбалар бу имкониятларни ҳам чекламоқда.
МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ТАЪСИРИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ МУМКИН?
Россия ёқилғи бозоридаги инқироз Марказий Осиё мамлакатларини ҳам четлаб ўтмаслиги мумкин.
Россиядан нефть маҳсулотлари импорт қилувчи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон учун таъминотнинг қисқариши ҳамда улгуржи нархларнинг ошиши жиддий хавф туғдиради.
Москва ички эҳтиёжларини қондириш учун экспортни янада чекласа, минтақада ёқилғи нархлари кўтарилиши, транспорт харажатлари ва инфляция босими ортиши эҳтимоли бор.
Шу тариқа, Украинадаги урушнинг иқтисодий оқибатлари жанг майдонидан минглаб километр
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг