Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди.

Учрашувнинг асосий мақсади икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистонга Уммон сармоясини жалб қилиш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишдан иборат бўлди.

Музокаралар давомида умумий қиймати 5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари тўпламига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини 500 миллион долларга етказиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар энергетика, саноат, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Уммон денгиз портлари орқали Ўзбекистон маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

Музокаралар якунида 30 дан ортиқ ҳужжат имзолангани ва икки давлат муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди.

Бу ҳамкорлик Ўзбекистон учун Форс кўрфази минтақасидаги инвестиция манбалари ва денгиз савдо йўлларига чиқиш имкониятларини кенгайтириши, Уммон учун эса Марказий Осиё бозорида иқтисодий иштирокини кучайтириши мумкин.