ҚИЗИЛТЕПА ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА ХОДИМЛАР СТАВКАЛАРИ ҚИСҚАРМОҚДА
Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари иш ставкалари қисқариб, айримлар 0,25 ставкада, бошқалар эса ортиқча юклама билан ишлаётганини айтмоқда. Мурожаатда штат тақсимоти, ишга қабул ва байрам тўловлари бўйича холис текширув сўралди.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тиббиёт бирлашмасида айрим ходимлар иш ставкасини камайтиришга мажбурланаётгани айтилмоқда. Элтузарга 22 ноябрь куни йўлланган мурожаат муаллифлари штат бирликлари тақсимоти, ишга қабул қилиш тартиби ва байрам муносабати билан тўланиши кутилган пуллар юзасидан холис текширув ўтказишни сўраган.
Мурожаатда 0,25 ставкада ишлаётган ходимлар сони кўпайгани, айрим ходимларга эса 1,0 ставкадан ортиқ иш юкламаси ажратилгани айтилади. Муаллифлар баъзи ҳолларда бир штат бирлигига тўрт-беш нафар ходим жалб этилганини билдириб, ставкалар қандай мезонлар асосида тақсимланаётганини текширишни сўраган. Улар ишга келиб-кетиш назорати ҳам барча ходимга бир хил талаб асосида қўлланяптими, деган саволни кўтарган.
Мурожаатда бирлашма раҳбари сифатида Хуршид Шукуров, кадрлар бўлими бошлиғи сифатида эса Бобур Шарипов тилга олинган. Муаллифлар айрим ходимларнинг ишга қабул қилиш буйруқлари кечикаётганини, бир ҳолатда буйруқ икки ойдан бери расмийлаштирилмаганини айтган. Шунингдек, ишга жойлаштириш жараёнида айрим шахслардан турли харажатлар учун пул олингани ва у қайтарилмагани ҳақидаги даъволарни текширишни сўраган.
Байрам тўловлари бўйича мурожаат муаллифлари ходимларга пул тўланмаслиги айтилганини билдирган. Улар бирлашмага бу мақсадда маблағ ажратилган-ажратилмаганини, ажратилган бўлса, унинг миқдори, тақсимоти ва сарфланишини очиқлашни сўраган.
Муаллифлар мурожаатдаги ҳолатларга оид 25 та далил ва маълумот борлигини ҳамда уларни тегишли идораларга тақдим этишга тайёр эканини билдирган. Улар текширув натижалари бўйича ёзма жавоб берилишини сўраган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг