Бугунги кунда қурилиш материаллари саноати мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланаётган, юқори инвестицион салоҳиятга эга тармоқларидан бирига айланмоқда. Сўнгги ўн йилда ушбу соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхонанинг ишга туширилгани бу борадаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Эътиборлиси, ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан жорий йил якунига қадар 65 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда. Бу нафақат саноат кўламининг кенгайиши, балки мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ва иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланаётганидан ҳам далолат беради.

Соҳа тараққиётида экспорт кўрсаткичларининг ўсиши ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, қурилиш материаллари экспорти 2016 йилдаги 75 миллион доллардан жорий йилда 1,5 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бу маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлиги ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, мамлакатимизда ҳар йили 50–55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани ички бозорда қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Қолаверса, қўшни ва яқин минтақаларда мазкур маҳсулотларга йиллик талабнинг 50 миллиард долларга баҳоланаётгани ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.

Бироқ бу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун фақат ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг ўзи кифоя эмас. Энг аввало, юқори қўшилган қийматга эга, замонавий талабларга жавоб берадиган ва халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улушини кўпайтириш зарур. Маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларда иштирок этишга жалб қилиш, транспорт харажатларини камайтириш, арзон ва узлуксиз логистика занжирларини шакллантириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ана шу омиллар орқали яқин йилларда қурилиш материаллари экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсадига эришиш мумкин. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши, корхоналарнинг технологик жиҳатдан янгиланиши ва миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги ўрни мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан мулоқотни йилда бир марта эмас, балки заруратга қараб ҳар ойда ташкил этиш муҳим. Зеро, соҳадаги муаммоларни жойида ўрганиш, ишлаб чиқарувчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд тўсиқларни тезкор бартараф этиш иқтисодий ўсишнинг муҳим шартидир. Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига қўйилган аниқ вазифалар қурилиш материаллари саноатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Хулоса қилиб айтганда, эришилаётган натижалар соҳанинг нафақат бугунги салоҳиятини, балки унинг келгуси тараққиёт истиқболларини ҳам намоён этмоқда.