Бухоро давлат техника университетида молия-иқтисод ишлари бўйича проректор ва ректор маслаҳатчисига 150 фоиздан устама тайинланган. Элтузарга тақдим этилган буйруқ нусхасида проректорга ўзи ҳам олиши белгиланган устаманинг ўз вақтида ҳисобланиши ва тўланишини назорат қилиш вазифаси юкланган.

Ректор Садоқат Сиддиқова имзоси билан расмийлаштирилган 2026 йил 14 октябрдаги буйруқ нусхасига кўра, устамалар октябрь ойидан йил якунига қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тўланиши белгиланган. Рўйхатда талабалар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига масъул ректор маслаҳатчиси Алишер Мусаямов ва молия-иқтисод ишлари бўйича проректор Акмал Саидов кўрсатилган.

Буйруқда университетнинг устама тайинлаш бўйича ички тартибига таянилган. Асос сифатида ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси қўмитаси раёсатининг 12 октябрдаги 06/02-сон баёни келтирилган. Буйруқ нусхасида проректорга устама белгилаш бўйича юқори турувчи ташкилотнинг алоҳида қарори кўрсатилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 517-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 5-бандига кўра, проректорнинг меҳнатдаги ютуқлари учун устамани юқори турувчи ташкилот ўз қарори билан белгилайди. Низомнинг 16-бандида бошқа тоифадаги ходимларга устама тайинлашда касаба уюшмаси тавсияси асосида ректор қарор қабул қилиши кўзда тутилган. Шу боис буйруқдаги икки лавозим бўйича ваколат масаласи алоҳида кўриб чиқилиши керак.

Бухоро давлат техника университетига 2026 йил 1 январдан молиявий мустақиллик берилган. Низомнинг 16-банди ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олийгоҳларга ходимларни рағбатлантириш турлари ва миқдорларини мустақил белгилаш имконини ҳам беради. Университет ва вазирлик мазкур буйруқда айнан проректорга устама тайинлаш ваколати қайси нормага асосланганини тушунтириши керак.

Акмал Саидовга 150 фоиз устама тайинлаш бўйича алоҳида қарор борми? Агар бор бўлса, уни ким ва қачон қабул қилган? Икки ходимга ҳам айнан 150 фоиз устама белгиланишига қандай иш натижалари асос бўлган ва амалда қанча маблағ тўланган?