Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди порнографик материалларни телефонида сақлаб, бошқа шахсга юборган М.С.га 20 миллион 600 минг сўм жарима тайинлади. Суд телефон хотирасидаги материалларни ўчириш ва қурилмани давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Ўтган ҳафта бошида чиққан суд қарорига кўра, М.С. 2026 йил май ойида порнографик материалларни тарқатиш мақсадида Samsung A50 телефонида сақлаган ва уларни бошқа фуқарога юбориб келган. Телефон ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Суд бу ҳолатни М.С. ва жабрланувчининг суддаги кўрсатувлари, экспертиза хулосаси, маъмурий баённома ва ишдаги бошқа далиллар билан тасдиқланган деб топган. М.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган. Жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварини ташкил этади.

Жазо тайинлашда суд М.С.нинг айбига иқрор бўлгани ва қилмишидан пушаймонлигини, унинг оилавий ва моддий аҳволини, шунингдек, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлигини инобатга олган. Суд жабрланувчига моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирган.