НЕГА ИСТЕЪДОДЛИ БОЛАЛАР КАТТА БЎЛГАЧ МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШМАЙДИ?
Истеъдодли болалар нима учун катта бўлгач кутилган даражада муваффақиятга эришмайди? Мақолада болаликдаги иқтидор, катталар ҳаётида керак бўладиган кўникмалар, ота-она умиди ва «муваффақият» тушунчасининг ўзи қайта кўриб чиқилади.
Беш ёшида китоб ўқиган, етти ёшида мураккаб масалаларни ечган, мактабда ҳаммадан аълочи бўлган болаларни кўп учратганмиз. Катталар уларга ҳавас билан қараб, келажакда албатта катта одам бўлишини башорат қилишади.
Аммо орадан йигирма йил ўтиб, ўша болаларнинг оддий ҳаёт кечираётганини кўрамиз, ҳатто суиқасд, ичкиликка берилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бироқ ҳеч қандай фавқулодда қобилияти билан ажралиб турмаган болалар катта ютуқларга эришади.
Нега бундай?
Аввало, болаликдаги истеъдод билан катталар ҳаётидаги муваффақиятни фарқлаб олайлик. Бола тенгдошларидан тезроқ ўқиши, яхшироқ эслаб қолиши ёки мураккаб масалани осон ечиши мумкин. Лекин катталар ҳаётида билимдан ташқари мустақил қарор қабул қилиш, одамлар билан ишлаш, ноаниқликка чидаш, хатолардан кейин қайта ҳаракат қилиш ҳам талаб этилади. Истеъдодли болалар айнан шу ерда қийналади.
Болалигидан ҳамма нарсани осон ўзлаштирган бола жиддий қийинчиликка кечроқ дуч келади. Мактабда унга кўп меҳнат қилиш шарт бўлмаган. Масалани бошқалардан олдин ечган, имтиҳонга кам тайёрланиб ҳам юқори баҳо олган.
Аммо ҳаётда қобилиятнинг ўзи етарли бўлмаган вазиятлар кўп. Бирор соҳада мутахассис бўлиш учун йиллаб машқ қилиш, бир хил хатони қайта-қайта тузатиш, узоқ вақт натижасиз ишлаш керак. Шундай пайтда болалигида осон муваффақиятга ўрганган айрим ёшлар ўз қобилиятидан шубҳалана бошлайди.
Психолог Кэрол Дуэк тадқиқотларида инсон ақл ва қобилиятни ўзгармас хусусият деб ҳисоблаши қийинчиликка муносабатига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатган. Агар болага доим «сен жуда ақллисан» дейилса, у кейинчалик хатони ўзининг ақлли эмаслиги белгиси сифатида қабул қилиши мумкин. Бу барча болаларда кузатиладиган қонуният эмас, аммо тарбияда эътибор беришга арзийдиган ҳолат.
Истеъдодли болалардан ҳаддан ташқари катта натижа кутамиз. Ота-она, ўқитувчи, қариндошлар боланинг келажагини олдиндан белгилаб қўяди. У олим бўлиши, машҳур инсонга айланиши, ҳаммадан устун натижа кўрсатиши керак.
Бола аста-секин ўз хоҳиши билан атрофдагиларнинг умидини фарқламай қўяди. Унга ёқмаган соҳада ҳам ўқишни давом эттиради. Чунки йўналишини ўзгартирса, яқинларининг ишончини оқламагандай ҳис қилади. Бир пайтлар билим олишдан завқланган бола катта бўлгач фақат натижа учун яшай бошлайди.
Оилавий шароит, иқтисодий имконият, соғлиқ, таълим сифати, устозлар ва инсоннинг шахсий қизиқишлари ҳам катта аҳамиятга эга. Биз муваффақият тушунчасини ҳам кўпинча нотўғри баҳолаймиз. Болалигида иқтидорли бўлган инсон катта олим, бой тадбиркор ёки машҳур раҳбарга айланмаган бўлса, унинг истеъдоди зое кетган ҳисобланадими?
Балки у яхши ўқитувчидир. Балки ўз касбини севар. Балки оиласи билан бахтли яшар. Нега биз унинг ҳаётини болалигида бошқалар ўйлаган марраларга қараб баҳолашимиз керак?
Истеъдод боланинг ривожлантириши мумкин бўлган имкониятдир.Шунинг учун болага «сен ҳаммадан ақллисан» дейишдан кўра, унинг изланишини, меҳнатини, хатосини тузатишини ва мустақил фикрлашини қадрлаш керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг