Taftish.uz собиқ директори ва «Tezkor yangiliklar.uz» канали мухбири Ўлмас Тўлаев 12 ноябрь куни процессуал тартибда ушланган. Навоий вилояти ИИБ тарқатган хабарга кўра, Ўлмас Тўлаев Бухоро ва Навоий вилоятларида ноқонуний олтин қазиш гуруҳларини тузганликда гумонланмоқда.

Эълонда икки ҳудуд – Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Чуруқ овули ва Навоий вилояти Конимех туманидаги Тавшан массиви кўрсатилган. ИИБ маълумотига кўра, Тўлаев шу ҳудудларда ер ости бойликларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Қазиб олинган олтин миқдори ва етказилган зарар ҳақида эълонда маълумот берилмаган.

Эълонда Жиноят кодексининг олтита моддаси – 139 (туҳмат), 140 (ҳақорат қилиш), 164 (босқинчилик), 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик) ва 196-модда (ер қаъридаги табиий бойликлардан фойдаланиш ёки ер қаърини муҳофаза қилиш талабларини бузиш) санаб ўтилган. Эълонда ҳар бир модда қайси воқеага тааллуқли экани очиқланмаган.

22 ноябрь куни Элтузарга келган қўшимча маълумотда Тўлаевни ушлаш тадбирида Навоий вилояти ДХХ бошқармаси, вилоят ИИБ ва Конимех тумани ИИБ иштирок этгани айтилган. Манба Бухоро вилояти ИИБда ҳам Тўлаевга оид тергов кетаётганини билдирган.

ИИБ Тўлаевнинг ҳаракатларидан жабрланган ёки ишга алоқадор маълумотга эга фуқароларни Навоий вилояти ИИБга мурожаат қилишга ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишга чақирган.

Чуруқдаги ноқонуний олтин қазиш ҳақида Элтузар йил бошида «Олтин мафияси» туркумида ёзган эди. Туркумнинг учинчи қисмида Шофиркондаги Чуруқ массивида гуруҳлар рухсатсиз олтин қазиётгани, қазиш жойларида одамлар ҳалок бўлгани ҳақида манбалар билдирган даъволар ёритилган. Тўлаевга оид янги эълонда ҳам Чуруқ тилга олинган. Январда ёритилган ҳолатлар мазкур тергов доирасида ўрганилаётгани ҳозирча очиқланмаган.

Элтузар август ойида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманидаги 3-сонли гидрометаллургия заводи (GMZ-3) атрофида ҳам ноқонуний қазиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида ёзган. Ўша мақолада таҳририятга мурожаат қилган манба эски саноат чиқиндиларидаги олтинли қум «металлолом қазиш» баҳонасида олиб чиқилаётганини даъво қилган эди.