Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров агентлик директори, собиқ вазир Беҳзод Мусаевга қарши навбатдаги оғир айбловларни эълон қилди. Бу сафар гап Мусаевнинг куёви, «NAIMIX» хусусий бандлик агентлиги ва Жанубий Кореяга E-8 мавсумий меҳнат визаси орқали ишчи юбориш тизими ҳақида бормоқда.

Тоштемировнинг даъво қилишича, Беҳзод Мусаев ўз куёвига «NAIMIX» агентлиги ходими сифатида сохта ҳужжат тайёрлатиб, Корея визаси олиб берган. Унинг айтишича, кейинчалик Мусаев E-8 визаси орқали қишлоқ хўжалиги соҳасига ишчилар юбориш жараёнини ҳам айнан шу хусусий агентликка топширган.

Собиқ амалдор постга Беҳзод Мусаев имзоси қўйилгани айтилган хат нусхасини ҳам илова қилган. Тоштемиров ҳужжатнинг охиридаги «Сизнинг зиммангизга юклатилади» деган жумлага алоҳида эътибор қаратмоқда.

Элтузар мазкур ҳужжатнинг асли ва ундаги имзони ҳозирча мустақил равишда текшира олмади. Шунингдек, Мусаевнинг куёвига сохта ҳужжат тайёрлангани ҳақидаги даъво ҳам ваколатли идоралар томонидан тасдиқланган эмас.

ЛИЦЕНЗИЯ БОР, ЛЕКИН НЕГА АЙНАН NAIMIX?

Ҳукумат порталидаги маълумотларга кўра, «NAIMIX» ҳақиқатан ҳам расмий лицензия асосида фаолият юритувчи хусусий бандлик агентликлари рўйхатига киритилган. Миграция агентлиги 2025 йилда унинг Европа ва Кореядаги иш ўринлари бўйича танловларини ўз расмий сайтида ҳам эълон қилган.

Аммо асосий савол агентликнинг лицензияси бор-йўқлигида эмас.

Савол — давлатлараро аҳамиятга эга бўлган E-8 мавсумий меҳнат дастури нима асосда айнан битта хусусий компания зиммасига юклатилганида. Танлов ўтказилганми? Бошқа хусусий агентликларга ҳам тенг имконият берилганми? Манфаатлар тўқнашуви текширилганми? Мусаевнинг оила аъзоси билан «NAIMIX» ўртасида ҳақиқатан ҳам алоқа бўлганми?

Бу саволларнинг бирортасига ҳозирча очиқ ва ҳужжатли жавоб йўқ.

Тоштемировнинг таъкидлашича, у Мусаевни E-8 тизими одатда икки давлатнинг тегишли идоралари ёки маҳаллий ҳокимликлари ўртасидаги ҳамкорлик меморандумлари асосида йўлга қўйилиши кераклиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Бироқ унинг даъвосига кўра, бу огоҳлантиришлар инобатга олинмаган ва натижада Кореяга E-8 визаси билан ишчи юбориш тизими иккинчи марта тўхтаб қолган.

Агар бу маълумотлар тасдиқланса, давлатнинг меҳнат миграцияси сиёсати хусусий ва эҳтимолий оилавий манфаатларга мослаштирилгани ошкор бўлади.

МИНГЛАБ ОДАМНИНГ ИШИ – БИТТА АМАЛДОРНИНГ ҚАРОРИГА БОҒЛИҚМИ?

E-8 дастурининг тўхташи қоғоздаги бир лойиҳанинг бекор қилиниши эмас. Бу – Кореяга бориш учун ҳужжат тайёрлаган, қарз олган, тил ўрганган ва оиласини таъминлашга умид қилган минглаб фуқароларнинг режалари барбод бўлиши демакдир.

Тоштемировнинг айтишича, тизимнинг қайта тўхташи оқибатида минглаб одамлар оиласини боқиши мумкин бўлган иш ўринларидан маҳрум бўлган.

Беҳзод Мусаевнинг бу саволларга жавоб бериши шахсий хоҳишига қараб қолмаган, балки у эгаллаб турган лавозим мажбуриятидир.

МРАМОР ГЎШТИДАН «СОХТА СТАТИСТИКА»ГАЧА

Тоштемиров бунга қадар ҳам Мусаевга нисбатан қатор жиддий иддаоларни илгари сурган. Улар орасида Кореядан мармар гўшти, қимматбаҳо маҳсулотлар ва виагра юборишни сўраш, хизмат автомобили билан боғлиқ топшириқлар, айрим номзодларни имтиҳондан ўтказиб қўйишга уриниш ҳамда расмий статистикани сунъий ошириш ҳақидаги даъволар бор.

Элтузар аввалги материалларида Тоштемировнинг Миграция агентлиги 2024 йилда Кореяга юборилган ишчилар сонини ошириб кўрсатгани ҳақидаги баёнотини ҳам ёритган. Тоштемиров келтирган маълумотларда агентлик ҳисоботи билан Корея расмий статистикаси ўртасида етти мингдан зиёд фарқ борлиги айтилган. Агентлик бу рақамлар қандай методология асосида ҳисобланганини очиқ тушунтирмаган. Бу ҳақда Элтузарнинг аввалги мақоласида батафсил ёзилган.

Озодлик Радиоси Тоштемиров тарқатган ёзишмалар, аудиолар ва ҳужжатларни мустақил тасдиқлай олмаганини қайд этган. Миграция агентлиги эса умумий муносабатида айбловларни «асоссиз» деб атаган, аммо ҳар бир ҳужжат ва эпизодга алоҳида жавоб бермаган.

Мана шу ерда Беҳзод Мусаев учун энг катта муаммо бошланади.

Қатор ҳужжатлар, ёзишмалар ва аниқ эпизодлар эълон қилинаётган бир пайтда «барчаси асоссиз» деган умумий жавоб билан қутулиб кетиш ҳисобга кирмайди. Давлат идораси матбуот хизмати ортига яшириниб, ҳар бир саволни сукут билан четлаб ўтиш – жамоатчиликни менсимасликдир.

Мусаев «NAIMIX» нега танланганини, куёвига оид ҳужжатлар бор-йўқлигини, E-8 тизими нега тўхтаганини ва эълон қилинган хат ҳақиқий ёки сохта эканини очиқ тушунтириши шарт.

Акс ҳолда, унинг сукути иддаоларни йўққа чиқармайди. Аксинча, шубҳаларни янада кучайтиради.

Беҳзод Мусаевнинг олдида икки йўл бор: ҳар бир айбловга ҳужжатлар билан жавоб бериш ёки мустақил текширув якунлангунига қадар лавозимдан четланиш. Аммо унда бет бор дейсизми?!

Минглаб ишсиз фуқаролар тақдири турган жойда амалдорнинг обрўсини сақлаб қолиш давлатнинг устувор вазифаси бўлиши мумкин эмас.

Элтузар Беҳзод Мусаев, Миграция агентлиги ва «NAIMIX» хусусий бандлик агентлигининг мазкур даъволар бўйича муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.