Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги можаро янада кенгаймоқда. Илгари Кореяга ишчи юбориш тизими, юз миллионлаб долларлик эҳтимолий коррупция схемалари, қимматбаҳо совғалар ва давлат маблағларидан фойдаланишга оид оғир иддаолар билан чиққан агентликнинг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров бу сафар расмий статистика сохталаштирилганини даъво қилди.

28 июнь куни ижтимоий тармоқда эълон қилинган янги баёнотида Тоштемиров Миграция агентлиги Корея Республикасига ишга жойлаштирилган ўзбекистонликлар сонини сунъий равишда ошириб кўрсатганини илгари сурди. У ўз даъвосини Корея Республикасининг расмий статистикаси, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ҳисоботи ҳамда Миграция агентлигининг ички ҳисоботлари билан асослашга уринган.

Тоштемиров келтирган ҳужжатларга кўра, Миграция агентлиги 2024 йилда Корея Республикасига 10 120 нафар фуқаро ишга жойлаштирилганини ҳисобот қилган.

Бироқ у илова қилган Корея Республикаси расмий статистикасида Ўзбекистондан E-9 меҳнат визаси билан мамлакатга кирганлар сони 3 079 нафар экани кўрсатилган.

Собиқ ходимнинг таъкидлашича, икки рақам ўртасида 7 мингдан ортиқ фарқ мавжуд.

Азизбек Тоштемировнинг айтишича, бу фарқ янги ишчиларни Кореяга юбориш ҳисобига эмас, балки аввалги йилларда Кореяга кетган фуқароларни қайта ҳисобга киритиш орқали юзага келган.

Унинг иддаосига кўра, 2024 йилда Кореядаги ваколатхона ходимларига 2021–2023 йилларда Кореяга борган ўзбекистонликларнинг маълумотлари юборилган ва улар махсус электрон тизимга яна қайта киритилган.

Тоштемиров бу жараён натижасида мазкур шахслар Кореяда гўёки Миграция агентлиги томонидан қайта ишга жойлаштирилган фуқаролар сифатида ҳисоботга киритилганини даъво қилмоқда.

Унинг фикрича, агентлик айнан шу усул билан “хорижда ишсиз қолган фуқароларни ишга жойлаштириш” деган кўрсаткич орқали умумий рақамларни сезиларли даражада оширган.

Тоштемиров яна бир муҳим даъвони ҳам илгари сурди. Унинг ёзишича, статистика эълон қилингач, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари унга мурожаат қилиб, расмий рақамларга аниқлик киритишни сўраган.

Собиқ ходимнинг иддаосича, элчихона томонидан:

“Биз 2024 йилда ишчилар, талабалар ва туристларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам тахминан 7 мингга яқин виза берганмиз. Қолган 3 минг киши қаердан пайдо бўлди?” деган мазмунда савол берилган.

Бу даъво ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас.

ҲУЖЖАТЛАР НИМАНИ КЎРСАТАДИ?

Тоштемиров эълон қилган суратлар орасида: Корея Республикасининг E-9 меҳнат визаси бўйича расмий статистикаси; Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистон бўйича 2024 йил ҳисоботи; Миграция агентлигининг хорижда ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақидаги ички жадвали ҳам мавжуд.

Уларда келтирилган рақамлар бир-биридан фарқ қилиши кўринади. Бироқ бу фарқ қандай ҳисоблаш методологияси асосида юзага келгани ҳақида Миграция агентлиги ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Элтузар аввалги мақолаларида Азизбек Тоштемировнинг Беҳзод Мусаевга қарши билдирган бошқа иддаоларини ҳам ёритган эди.

Улар орасида Кореяга ишчи юборишдаги эҳтимолий коррупция схемалари, хусусий бандлик агентликлари билан муносабатлар, қимматбаҳо маҳсулотлар етказиб бериш, хизмат автомобиллари ва давлат маблағларидан фойдаланиш ҳақидаги баёнотлар ҳам бор.

Янги пост эса можарога яна бир янги йўналиш – расмий статистика ишончлилиги масаласини олиб чиқмоқда.

Айни пайтда Азизбек Тоштемиров томонидан билдирилган ушбу даъволар юзасидан Миграция агентлиги ёки унинг раҳбари Беҳзод Мусаев расмий муносабат билдирмаган.

Элтузар мазкур иддаоларни мустақил тасдиқлай олмайди. Шу билан бирга, жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган ушбу масала юзасидан Миграция агентлиги, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда бошқа ваколатли идораларнинг расмий изоҳини кутади ва уларнинг муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.