САВОДСИЗ ВА ДОГМАТИК СУДЪЯЛАР ДАСТИДАН ДОД
Муаллиф судьялар Конституциянинг олий юридик кучини инобатга олмасдан, фақат соҳавий қонунларга таяниб қарор чиқараётгани, бу эса фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини самарали суд ҳимоясидан маҳрум қолаётгани ҳақида сўз юритади.
Суд тизимида – хоҳ у фуқаролик, хоҳ иқтисодий, хоҳ жиноят суди бўлсин – жиддий бир муаммо бор.
Судьяларимиз ҳанузгача кўп ҳолларда эскича ҳуқуқий тафаккур доирасида: тармоқ кодекси, қонун, ички идоравий йўриқнома билан чекланишади. Лекин Конституциячи?
Агар қонун нормасида бўшлиқ бўлса, бирор банд баҳсли бўлса ёки Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ билан зиддият юзага келса, судья Конституцияни очиб, уни бевосита қўллаши керак эмасми?
Ахир Конституциянинг олий юридик кучи бор. У тўғридан-тўғри амал қилади.
Олий суд Пленуми ҳам судлар томонидан Конституция нормаларини бевосита қўллаш масаласи бўйича аниқ тушунтиришлар берган.
Амалиётда баъзан бошқа манзарага дуч келамиз. Фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилади. Биринчи инстанциядан ўтади. Апелляция. Кассация. Олий суднинг якуний инстанциясигача етиб боради.
Судья эса Конституциядаги ҳуқуқни эмас, фақат соҳавий қонун нормасини кўради. Сўнг фуқаро Конституциявий судга мурожаат қилади.
У ерда эса табиий савол пайдо бўлади: агар муаммо қонуннинг ўзида эмас, балки уни судья томонидан Конституцияга мувофиқ қўлланмаганида бўлса, бу муаммони ким ҳал қилади?
Конституциявий суд оддий маънодаги «тўртинчи инстанция» эмас. У ҳар бир суд қарорини бекор қилиб бермайди. Демак, масаланинг энг муҳим нуқтаси яна судьянинг ўзига қайтиб келади.
Судья Конституцияни билгани етарли эмас. Уни қўллай олиши керак. Бу ерда гап оддий «суд хатоси» ҳақида эмас.
Агар Конституция нормасини қўлламаслик тизимли тус олса, юқори инстанциялар томонидан ҳам тузатилмаса ва оқибатда шахс ўз конституциявий ҳуқуқини самарали суд ҳимояси орқали тиклай олмаса, масала аллақачон жиддий ҳуқуқий муаммога айланади.
Фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши керак бўлган суднинг ўзи Конституцияни четлаб ўтса, фуқаро қаердан адолат излаши керак?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг