Бола дунёни аввалига онасининг алласи, бувисининг дуоси, бобосининг насиҳати орқали танийди. У бир куни Пушкинни ҳам, Шекспирни ҳам ўз тилида ўқисин. Лекин ўз онасининг алласини, ўз халқининг дардини ҳис қилиш учун унга таржима керак бўлмасин. Таълим тили ҳақидаги баҳсда менинг гапим фарзанднинг ана шу биринчи тили ҳақида.

Мен қонун ва қоидаларга қатъий амал қиладиган, мустақил Ўзбекистонни чин юракдан севадиган Z авлод вакили — журналистман. На бирор таҳририятга, на қайсидир сиёсий партияга ён босаман. Лекин юрт келажаги, она тили тақдири ва фарзандларимиз руҳияти ҳақида сўз кетганда, бу баҳсда менинг ҳам овозим, менинг ҳам қатъий сўзим бор.

Бола бошланғич ёшда – ўз ақлини таниб, ёруғ оламни англаб олгунига қадар аввало ўзбек тилини ва она меҳрини бутун вужуди, қони ва жони билан ҳис қилиши шарт. Шу масалада Алишер Қодировнинг бу борадаги фикрларини қўллаб-қувватлайман: боланинг дунёни таниш пойдевори она тилида қурилиши керак.

Ҳаётда шундай манзаралар учрайдики, уларга қараб кўнгил алланечук бўлиб кетади. Масалан, уйда ёки кўчада боланинг ёши улғайиб борса-да, ўз онасининг алласидаги майинликни, бувисининг дуосидаги самимийликни, бобосининг насиҳатидаги вазминликни ўз тилида чуқур ҳис қилмай улғайса – орада кўринмас девор пайдо бўлади. Ота-она билан фарзанд ўртасида сўз бор, лекин қалблар ўртасидаги энг нозик ришта сусаяди. Ёки бошқа бир мисол: мактабга энди қадам қўйган бола дарсликдаги ўз тарихи, ўз халқининг оғриғи ва ғурурини таржима орқали ўқиса, у бу сўзларнинг ичидаги ҳароратни сезмай ўтиб кетиши мумкин.

Мен ўзбекман. Фарзандларим бу дунёга келиб, оламни Пушкиннинг кўзлари билан, инглиз ёки немис адабиётининг нигоҳи билан эмас – Навоийнинг сўз хазинаси, Бобурнинг соғинч ва муҳаббатга тўла қалби, Темурнинг буюк иродаси, Бухорийнинг илм зиёси ва Эркин Воҳидовнинг миллат дарди билан ёнган юраги орқали кўришини истайман. Чунки бола илк туйғусини, биринчи қувончи ва биринчи оғриғини қайси тилда туйса, умрининг охиригача ўша тилнинг руҳи билан нафас олади.

Тилни кўп билиш – гўзал фазилат, замон талаби. Инглиз тили ҳам, бошқа тиллар ҳам керак. Лекин эртага фарзандим «тай-тай» қилиб, митти қадамлари билан ёнимга келганида, мен ундан «Hello», «Privet» ёки «Bonjour» эмас, бутун вужудимни титратиб, кўзга ёш келтирадиган, юракнинг энг тубини ёритиб юборадиган «Ассалому алайкум, дада!» дейишини истайман. Чунки бу уч сўзнинг ичида отага ҳурмат ҳам, уйнинг баракаси ҳам, Ватаннинг нафаси ҳам бор.

Шунинг учун она тилини асраш – шунчаки баҳс ёки қуруқ шиор эмас. Бу боланинг ақли ва қалби тўлишгунига қадар ўз тилида меҳрга тўйиши, ўз илдизидан куч олиши демакдир. Фарзандларимиз дунёнинг барча тилларини ўргансин, лекин қалбининг энг азиз, энг муқаддас тўрида доим ўзбек тили ва она меҳри яшасин.

Ҳурмат билан,

Самандар Пардабоев