УНИВЕРСИТЕТЛАР РАҲБАРИЯТИ ДАРС СОАТЛАРИГА КЎЗ ТИКИШГА ҲАҚЛИМИ?
Навоий давлат университетида вакант дарс соатларини тақсимлаш атрофида саволлар туғилмоқда: нега қўшимча юклама илмий даражали штат ўқитувчиларга эмас, соатбай тўлов орқали бериш таклиф қилиняпти ва бу орқали кимнинг манфаати ҳимоя қилинмоқда?
Навоий давлат университетида кафедраларда мавжуд бўш (вакант) ўқув соатларини тақсимлаш билан боғлиқ муаммолар ва норозиликлар юзага келмоқда.
Маълумотларга кўра, кафедраларда мавжуд вакант соатлар шу кафедранинг асосий штатда фаолият юритаётган, илмий даража ва тегишли малакага эга ўқитувчиларга ички ўриндошлик асосида берилиши мумкин бўлган бир пайтда, ушбу соатларни соатбай ҳақ тўлаш шаклида бериш таклиф қилиняпти. Бу масалада таълим жараёнига бевосита алоқаси бўлмаган режа-молия бўлими бошлиғининг тавсияси асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Университетда ҳақиқатан ҳам вакант ўқув юкламаси мавжуд бўлса, нега биринчи навбатда шу йўналишда ишлаётган, асосий штатдаги илмий даражали педагогларнинг меҳнат юкламасини ошириш ва уларга қўшимча ҳақ тўлаш имконияти кўриб чиқилмайапти?
Олий таълим тизимида педагогларнинг иш ҳақи етарлича юқори бўлмаган бир шароитда ўқитувчига тегишли қўшимча даромад манбаларини сунъий равишда чеклаш, бошқа томондан эса раҳбариятга 200-300 фоиз миқдорда устамалар белгиланиши жамиятда ҳақли равишда саволлар туғдиради.
Мободо университет раҳбарияти **«бюджетни тежаш»**ни асос қилаётган бўлса, унда бу тежамкорлик барча тоифадаги ходимларга нисбатан бир хил ва адолатли қўлланилиши керак.
Тежамкорлик фақат оддий педагогнинг даромадига келганда эсга олинадиган мезонга айланмасин.
Шу сабабли Навоий давлат университетида вакант ўқув соатларини тақсимлашнинг ҳуқуқий асоси, мезонлари ва масъул шахсларнинг ваколатлари очиқ-ойдин тушунтирилиши зарур. Бу соатларни кимга, қандай асосда ва нима сабабдан ички ўриндошлик эмас, соатбай шаклда бериш режалаштирилаётгани жамоатчиликка маълум қилинсмн
Ҳозирча, бу ҳолат университет бюджетини «тежаш» ниқоби остида педагогларнинг қонуний меҳнат манфаатларини чеклаш ва ресурсларни тақсимлашда адолатсизликка йўл қўйишдан бошқа нарса эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг