Ҳар йили сентябрь ойи келиши билан ота-оналар, педагоглар, ўқувчи болалар ўртасида, умуман жамиятда “буллинг” ҳақида гап-сўзлар оммалашади. Ота-оналарнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларида “мактабда фалончининг боласини фалончининг боласи урибди, унинг ортидан қариндошлар ўртасида жанжал бўлибди.” шаклидаги хабарлар тарқалади. Шу кунларда Яшнобод туманидаги 151-сонли умумтаълим мактабида катта синфдаги ўқувчилар кичик синфдаги болага магнитли металл тасмани ютишга мажбур қилганлиги, бола оғир операция қилинганлиги хабари тарқалди. Бундан ҳам оғирроқ оқибати бўлиши мумкин эди.

Буллинг – бу зўравонлик, мажбурлаш, ҳақоратли сўзлар билан масхара қилиш ёки таҳдид қилиш, ишончни суиистеъмол қилиш, тажовузкорлик қилиш ёки доминантликдан қўрқитиш учун фойдаланишдир. Буллинг тажовузкор хатти-ҳаракатларнинг кичик тоифаси бўлиб, у душманлик нияти, кучларнинг номутаносиблиги ва маълум вақт давомида доимий такрорланиши билан тавсифланади.

Буллинг турли адабиётларда турфа турларга ажратилган. Улар оғзаки бўлмаган, оғзаки ёки жисмоний хатти-ҳаракатлар шаклида бўлиши мумкин. Бошқа таснифлаш жиноятчилар ёки иштирокчилар ҳолатига асосланади, шунинг учун турлар индивидуал ва жамоавий буллингни ўз ичига олади. Бошқа талқинда, шунингдек, бошқа шахсга ёки ҳатто мулкка етказилган жисмоний зарардан ташқари, ҳиссий ва муносабатлардаги зўравонлик ҳам айтиб ўтилади. Бундан ташқари, яқинда пайдо бўлган кибербуллинг деб аталадиган тури ҳам кенг тарқалган.

Жисмоний, оғзаки ва ўзаро муносабатлардаги буллинг бошланғич мактабда энг кенг тарқалган бўлиб, одамлар ҳаётининг кейинги босқичларида давом этадиган зўравонликннг дастлабки босқичи бўлиши мумкин.

Жисмоний буллинг – уриш, туртиш, тан жароҳати етказиш ёки буюмларни тортиб олиш каби ҳаракатлар кўринишида бўлади. Оғзаки буллинг – ҳақорат қилиш, масхара қилиш, камситувчи лақаблар қўйиш каби ҳаракатлар кўринишида бўлади. Ижтимоий буллинг – инсонга нисбатан эътиборсизлик қилиш, уни жамоадан четлаштириш, ғийбат тарқатиш каби ҳаракатлар кўринишида бўлади. Кибербуллинг – интернет, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлар орқали таҳдид қилиш, ҳақоратли хабарлар юбориш каби ҳаракатлар кўринишида бўлади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, буллингнинг болалар учун зарарли ва узоқ давом этадиган оқибатлари мавжуд. Буллингнинг жисмоний таъсиридан ташқари таъқибга учраган болаларнинг ҳиссий ҳолати ва соғлиги, хусусан руҳий соғлиги ҳам ёмонлашади. Ёшлар ёлғизланиб, уларда тушкунлик ва ожизлик, ваҳима ҳисси шаклланади.

Бундай ҳолатлар юзага келганда, ҳолат вояга етмаганлар ўртасида содир бўлганлиги сабабли мактаб маъмурияти ҳам, педагоглар ҳам, ота-оналар ҳам, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам нима қилишни билмайди. Сабаби, умумтаълим тизимида буллингга қарши чора-тадбирлар тизими белгиланмаган, бундай ҳолат юзага келганда қандай ҳаракат қилиш йўл-йўриқлари (протоколи) мавжуд эмас. Тасаввур қилаяпсизми, 7 миллионга яқин болани қамраб олган мактаб тизимида болаларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг умумий концепцияси йўқ. Буллингни ижтимоий-ҳуқуқий ходиса сифатида ўрганадиган, профилактик методикасини ишлаб чиқадиган махсус орган белгиланмаган. Буллингдай “кўзга кўринмас” ҳолатлар билан шуғулланиб юрган мактаб етакчиларини бир жойга “тиқиб”, тизимли камчиликка йўл қўйилди, кучимиз фақат мактабга етади, мактаб ожиз.

Ахир, мактабнинг таълимдан ташқари мажбурий вазифаси болалар хавфсизлигини таъминлаш эмасми? Бундай ҳолатнинг устидан чиққан ўқитувчи зўравоннинг қулоғини чўзадими, нима қилиши керак, кимга хабар бериши керак? Зўравонликка дуч келаётган, қўрқаётган ёки чорасиз қолган болага ким ва қандай ёрдам кўрсатади? Зўравонлар буллинг қилишга қизиқмаслиги учун нималар қилиш керак? Мактаб маъмурияти ва педагогларга махсус курслар ўқитилиши керакми? Мактаб директори ёки ота-онани жавобгар қилиш билан муаммо ҳал бўладими?

Қонунчилик ташаббуси субъектлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Болалар Омбудсмани, қўлидан келмаса ҳам Ёшлар ишлари агентлиги масъулларини умумтаълим тизимида буллингга қарши қонунчиликни такомиллаштириш, бундай ҳолат юзага келганда қандай ҳаракат қилиш йўл-йўриқлари (протоколлари)ни зудлик ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этишга чақирамиз. Ўзингизнинг болангиз буллингга учрашини кутиб ўтирмассиз, ҳар ҳолда.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров