Ўзбекистонда аҳолининг банклардан қарз олиш суръати тобора тезлашмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 239,8 триллион сўмга етган. Бу 11 800 сўмлик шартли курс бўйича қарийб 20,3 миллиард доллар дегани.

Йил бошидан буён аҳолининг банклар олдидаги қарзи 19,5 триллион сўмга ёки 8,9 фоизга ошган. Бир қарашда бу рақам иқтисодиётда кредитлашнинг кенгайиши сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ кредитлар таркибига чуқурроқ назар ташланса, масаланинг бошқа, анча жиддий жиҳатлари ҳам кўринади.

Энг муҳим жиҳат шундаки, аҳолининг қарз олиш суръати банк тизимидаги умумий кредитлар ўсишидан баланд. 2026 йил бошидан август ойига қадар Ўзбекистон банкларининг умумий кредит портфели 604,2 триллион сўмдан 644,6 триллион сўмга етган. Яъни ўсиш 6,7 фоизни ташкил қилган. Натижада жисмоний шахсларга берилган кредитларнинг банклар умумий кредит портфелидаги улуши 36,5 фоиздан 37,2 фоизга кўтарилган.

Аҳоли кредитларининг энг катта қисми ипотекага тўғри келади. 1 август ҳолатига ипотека кредитлари 88,1 триллион сўмни ташкил этган. Бу жами аҳоли кредитларининг 36,8 фоизига тенг.

Бу ўсишни бир томонлама салбий баҳолаш тўғри эмас. Чунки ипотека, одатда, узоқ муддатли актив — уй-жой хариди билан боғлиқ. Давлат ипотека дастурлари ва субсидия механизмлари ҳам ушбу бозорда талабни қўллаб-қувватламоқда.

Яъни инсон ипотека олиб, ўз уйига эга бўлади. Бу қарзнинг ортида муайян актив пайдо бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ипотеканинг ўсиши билан кундалик истеъмолни қоплаш учун олинаётган қисқа муддатли қарзнинг ўсишини бир хил баҳолаб бўлмайди.

2026 йил бошидан микрокредитлар ҳажми 15,5 фоизга ошиб, 46,7 триллион сўмга етган. Микроқарзлар эса 51,1 триллион сўмни ташкил қилган ва йил бошидан 4,7 фоизга кўпайган. Микрокредитларнинг тез ўсиши бир неча сабабга эга бўлиши мумкин.

Бир томондан, банк ва молия ташкилотлари бундай маҳсулотларни олишни анча осонлаштирмоқда. Илова орқали бир неча дақиқада кредит олиш имконияти пайдо бўлди. Бошқа томондан эса аҳолининг муайян қисми катта харид ёки инвестиция учун эмас, балки қисқа муддатли молиявий эҳтиёжини қоплаш учун қарзга мурожаат қилаётган бўлиши мумкин.

Агар инсон кредит ҳисобига уй ёки ишлаб чиқариш воситасини харид қилса, қарз келажакда даромад ёки актив билан таъминланиши мумкин. Аммо кредит озиқ-овқат, коммунал тўлов, даволаниш, маиший харажат ёки бошқа кундалик эҳтиёжларни қоплашга сарфланса, у ҳолда қарзни қайтариш учун янги даромад манбаси пайдо бўлмайди.

Натижада одамнинг келгуси ойлардаги даромадининг бир қисми олдиндан сарфлаб қўйилади. Энг жиддий эътиборни эса кредит карталари ва овердрафтлар жалб қилмоқда. Уларнинг умумий ҳажми ҳозирча нисбатан кичик — 5,9 триллион сўм. Бироқ йил бошидан бу сегмент 33,5 фоизга ўсган.

Фуқаро ойлик маошигача харажатини кредит лимити ҳисобига қоплайди. Кейин маош тушгач, қарзни ёпади. Бироқ ойлик кундалик эҳтиёжларни тўлиқ қоплашга етмаса, яна кредитдан фойдаланади.

Аҳоли қарзининг умумий ҳажмини Ўзбекистон аҳолиси сонига бўлганда, киши бошига тахминан 521 доллардан тўғри келади. Йил бошида бу кўрсаткич тахминан 479 доллар эди.

Банк кредитларининг ўсиши иқтисодиёт учун ҳар доим ҳам салбий ҳодиса эмас.Кредит иқтисодий фаолликни рағбатлантиради, уй-жой ва автомобиль бозорини қўллаб-қувватлайди, тадбиркорлик учун маблағ яратади ва аҳолига йирик харидларни амалга ошириш имконини беради.

Агар эса кредитлар даромадлардан тезроқ ўсиб, айниқса истеъмол ва қисқа муддатли эҳтиёжларни молиялаштиришга йўналса, бу аҳоли молиявий барқарорлиги учун хавфни оширади.

Асосий савол — аҳоли бу кредитларни ўз даромадини кўпайтириш учун оляптими ёки мавжуд даромади етишмаётгани учунми?Аҳоли кредитларининг тез ўсиши банклар учун янги имкониятларни очади. Жисмоний шахслар бозори катта ва унинг салоҳияти ҳали юқори.

Айниқса кредит карталари, овердрафт ва микрокредитлар каби маҳсулотларда қарз олиш жуда осон. Шу сабабли молиявий саводхонлик масаласи ҳам банк тизимидаги кредитлаш суръати билан бирга бориши керак.

Фуқаро кредитнинг фақат қанча эканини эмас, унинг умумий қийматини, фоизини, жарималарини ва ойлик даромадига қандай таъсир қилишини ҳам ҳисоблай олиши зарур. Рақамлар ҳозирча огоҳлантириш қўнғироғи, аммо ҳукм эмас. Бироқ вазият шу зайилда кетаверса аҳвол уятли ҳолатга келиб қолади. Ҳозир кредит кам олишни тарғиб қилишдан кўра ҳамма ерда банкдан қарз олишга даъватлар кўпайиб, рекламалар ортиб бормоқда.

Шу сабабли кейинги даврда учта кўрсаткич алоҳида аҳамият касб этади: муддати ўтган қарздорлик, аҳоли даромадларининг ўсиши ва қарз юкининг даромадга нисбати.Агар кредитлар ўсиши аҳоли даромадлари ва иқтисодий фаоллик билан бирга борса, бу молиялаштириш имкониятларининг кенгайиши сифатида баҳоланиши мумкин.

Бу аҳоли молиявий инқироз томон кетаётганига бир факт. Аҳолининг коммунал тўловлардан, МИБ дан ва шу каби қарзлари ҳисобга олинса аҳвол янада қўрқинчли эканлиги  яққол кўринади.