ОЛМАЛИҚ “КАТТА БОЗОР”ИДАГИ МУАММОЛАР ҚАЧОН ҲАЛ ЭТИЛАДИ?
Олмалиқдаги “Катта бозор”да санитария, йўллар ва автотураргоҳ билан боғлиқ жиддий муаммолар одамлар кундалик ҳаётини қийинлаштирмоқда. Муаллиф масъул идораларни тартиб, хавфсизлик ва қулайликни таъминлаш учун туб ислоҳотларга чақирмоқда.
Олмалиқ шаҳридаги “Катта бозор”га кирсангиз, биринчи навбатда эътиборни абгор санитария ҳолати, вайрон йўллар ва транспорт тартибсизлиги тортади.
Ёмғир ёғса – йўлаклар лой ва балчиқ. Ёпиқ савдо жойлари етарли эмас. Автомобиллар бозор ичида ҳам, атрофида ҳам тартибсиз ҳаракатланиб, пиёдалар учун жиддий ноқулайлик туғдиради.
Автотураргоҳ масаласи ҳам ечимга муҳтож.
Махсус жойлар етарли бўлмагани сабабли автомобиллар Туркистон кўчаси, пиёдалар йўлаклари ва бозор кириш жойларида қолдириляпти. Тирбандлик кучайтириб, тез ёрдам ва ёнғин-қутқарув машиналарининг ҳаракати қийинлашган.
Бу бозордан ҳар куни юзлаб, балки минглаб одамлар фойдаланади. Шунинг учун қулайлик, санитария ва хавфсизлик масаласини жиддий кўздан кечириш шарт.
Шу муносабат билан Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, Санэпидқўмита ҳудудий бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлардан “Катта бозор”даги ҳолатни ўрганиб, аниқ чора кўришларини сўраймиз.
Бозорга косметик эмас, тубдан ўзгариш керак. Йўлаклар асфальтланиши, замонавий ёпиқ павильонлар кўпайтирилиши, транспорт ҳаракати тартибга солиниши ва етарли автотураргоҳ ташкил этилиши зарур. Ҳеч бўлмаса инвесторлар жалб қилиш қўлингиздан келмайдими, ҳурматли мутасаддилар?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг