Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги тиббиёт муассасасида бир аёл икки нафар ҳамширага пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида улардан бири вафот этди, иккинчисининг ҳаёти шифокорлар томонидан сақлаб қолинди.

Ҳодиса 7 сентябрь куни содир бўлган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатни тасдиқлаган. Унинг маълум қилишича, воқеа юзасидан Қўштепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси – қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятни содир этганликда гумонланаётган аёл Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айрим нашрлар аёл икки ҳамширани хонага қамаб, сўнг уларни пичоқлагани ҳақида хабар берган. Бироқ ҳужумнинг сабаби ва бошқа тафсилотлари ҳозирча расман очиқланмаган.