Элтузарга Учқўрғон туманидаги ташкилот ва муассасалар ходимлари номидан йўллангани айтилган такрорий мурожаат келиб тушди. Унда туман ҳокими Дилшод Мирханов бошқаруви даврида кадрлар сиёсати, қурилиш, тадбиркорлик, ишга қабул қилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жиддий қонунбузилишлар ҳамда коррупция аломатлари борлиги ҳақида оғир даъволар илгари сурилган.

Мурожаат муаллифлари Президент Шавкат Мирзиёев, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Бош вазир Абдулла Арипов ва ДХХ раҳбариятига мурожаат қилиб, вазиятни марказий даражада ўрганишни сўрамоқда.

Мурожаатдаги коррупция, пора ва бошқа қонунбузилишларга оид даъволар ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас.

«Тўғри ишлайдиган ходимларга кун қолмади»

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, Дилшод Мирханов Учқўрғонга ҳоким бўлиб келганидан кейин тумандаги бошқарув муҳити кескин ўзгарган.

Уларнинг иддаосига кўра, ташкилот ва муассасаларда ходимлар ўртасида ишончсизлик кучайган, профессионал кадрларнинг бир қисми ишдан олинган ёки ўз хоҳиши билан кетишга мажбур бўлган.

Муаллифлар ҳатто қоровул ва фаррошлар даражасидаги кадрлар масаласига ҳам ҳокимнинг шахсан аралашиши ҳақида ёзган.

«Туманда қуйига кетиш бўлса бўлдики, юқорига силжиш бўлмади», дейилади мурожаатда.

Қурилишлар ҳужжатсиз берилгани ҳақида даъво

Мурожаатдаги энг жиддий айбловлардан бири қурилиш ва ер ажратиш соҳасига тегишли.

Мурожаатчиларнинг иддаосига кўра, Дилшод Мирханов ҳокимлиги даврида қурилган айрим тижорат объектларида тегишли ҳужжатлар мавжуд эмас ва айрим ер майдонлари аукционсиз тадбиркорларга берилган.

Мурожаатда мисол сифатида:

Ўрдабоғ МФЙ Мустақиллик кўчасида, ИИБ биноси олдидаги қора ойнали бино;

Улуғбек МФЙда Солиқ идораси рўпарасидаги пиёдалар йўлаги яқинидаги бино;

Ўрдабоғ МФЙ Дўстлик кўчасидаги истироҳат боғи олдида жойлашган объектлар тилга олинган.

Муаллифлар ушбу объектлар бўйича ер ажратиш, аукцион, қурилиш рухсатномаси ва кадастр ҳужжатларини текширишни талаб қилмоқда.

10 минг доллар ҳақидаги оғир иддао

Мурожаатда қурилиш соҳаси билан боғлиқ яна бир жиддий даъво ҳам келтирилган.

Унда собиқ қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари С.Ходжаев билан боғлиқ жараёнларда 10 минг АҚШ доллари миқдори тилга олинади.

Бироқ мурожаатда мазкур пулнинг берилганини тасдиқловчи суд қарори, тергов ҳужжати ёки бошқа очиқ далил тақдим этилмаган.

Шу сабаб Элтузар бу даъвони мурожаат муаллифларининг иддаоси сифатидагина келтирмоқда.

Ҳоким ёрдамчиси бўлиш учун 1500–2000 доллар?

Мурожаатчилар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик тизимидаги ишга қабул қилиш жараёни бўйича ҳам коррупция даъвосини билдирган.

Уларнинг ёзишича, ҳоким ёрдамчиси лавозимига ишга кириш учун гўё 1500-2000 АҚШ доллари талаб қилиниб, маблағ воситачи орқали етказилиши айтилган.

Мурожаатда Р.Абдуллаев ва М.Инамов исмлари тилга олинган.

Бу иддао ҳам ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланган эмас.

Агар мурожаатчиларда пул талаб қилингани ёки берилганини тасдиқловчи аудио, видео, ёзишма, банк операцияси ёки бошқа далиллар мавжуд бўлса, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилиши лозим.

Замҳокимга ҳам жиддий эътирозлар бор

Мурожаатда туман ҳокими ўринбосари Фозилжон Алматов фаолияти ҳам кескин танқид қилинган.

Муаллифлар уни қишлоқ хўжалиги соҳасида катта таъсирга эга бўлиб олганликда, қариндош ва танишларини турли тизимларга жойлаштирганликда айбламоқда.

Шу билан бирга, тумандаги давлат ташкилотлари раҳбарларини ўз функционал вазифаларидан ташқари пахта далаларига бириктириш амалиёти ҳақида ҳам шикоят қилинган.

Соат 6-7 да Zoom, кейин эса соатлаб кутиш

Мурожаатчиларнинг ёзишича, пахта мавсуми билан боғлиқ топшириқлар сабаб ташкилот раҳбарлари эрталаб соат 06:00–07:00 да ўтказиладиган Zoom йиғилишларига жалб қилинади.

Айрим раҳбарлар туманнинг чекка ҳудудларига етиб бориш учун бир соатлаб йўл юришига тўғри келиши, йиғилиш эса белгиланган вақтдан анча кеч бошланиши айтилади.

Мурожаатда бу ҳолат бир марталик эмас, балки мунтазам тус олгани таъкидланган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нега текширмаяпти?»

Мурожаат муаллифлари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатсизлигидан ҳам норози.

Ҳатто ҳоким билан боғлиқ пора ҳолатлари бўйича бир неча марта тезкор тадбирлар ўтказилгани ҳақида даъво қилинган.

Бироқ ушбу даъвони тасдиқловчи расмий маълумот мурожаатга илова қилинмаган.

«Бизни Қирғизистонга қўшиб юборинг»

Мурожаат охирида муаллифларнинг норозилиги кескин, ҳатто кинояли шаклга ўтади.

«Бизга битта яхши ечим мавжуд. Бизнинг туманни Қирғизистон Республикасига қўшиб юборинг», дея ёзган улар.

Албатта, буни сиёсий-ҳуқуқий таклифдан кўра маҳаллий бошқарувдан қаттиқ норозиликни ифодаловчи киноя сифатида қабул қилиш мумкин.

Аммо унинг ортида нега бир тумандаги давлат ташкилотлари ходимлари марказий ҳокимиятга қайта-қайта мурожаат қилиш даражасига келиб қолган деган жиддий савол турибди.

Мурожаатда жуда жиддий айбловлар бор. Улар орасида пора, аукционсиз ер бериш, ҳужжатсиз қурилишлар, ишга қабул қилишда пул талаб қилиш, кадрлар сиёсати ва давлат хизматчиларини бошқа ишларга жалб этиш ҳақидаги даъволар мавжуд.

Бу гапларнинг ҳар бири ё тасдиқланиши, ё рад этилиши керак.

Шунинг учун Наманган вилояти ҳокимлиги, Учқўрғон тумани ҳокимлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, прокуратура ва бошқа ваколатли органлар мурожаатда келтирилган ҳар бир ҳолат юзасидан очиқ текширув ўтказиши мақсадга мувофиқ.

Айниқса, мурожаатда аниқ манзиллар, лавозимлар ва ҳатто пора сифатида талаб қилингани иддао қилинаётган суммалар келтирилган.

Бундай ҳолатда умумий «ўрганилди, камчиликлар бартараф этилди» деган жавоб етарли эмас.

Учқўрғон аҳолиси ва мурожаатчилар айнан шу саволларга жавоб кутишга ҳақли.

Элтузар мурожаатда номи тилга олинган барча мансабдорлар, Учқўрғон тумани ҳокимлиги ва Наманган вилояти ҳокимлигининг муносабатини эълон қилишга тайёр.