ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО МОЛИЯ МАРКАЗИ АЛОҲИДА ҲУҚУҚИЙ ОРОЛМИ?
Саида Мирзиёева раҳбарлигидаги Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистонда халқаро капитал учун алоҳида ҳуқуқий ва молиявий муҳит яратишга қаратилган. У марказ банк кредитларига қарамликни камайтириб, хусусий капитал жалб этиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Саида Мирзиёеванинг Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланиши ортида анча катта иқтисодий вазифа турибди. Чунки бу марказ оддий янги идора эмас, балки Ўзбекистонда халқаро капитал учун алоҳида ҳуқуқий ва молиявий муҳит яратишга қаратилган лойиҳа.
Ўзбекистон молия тизими ҳали ҳам асосан банкларга боғлиқ. Компаниялар учун акция, облигация, хусусий инвестиция фондлари, исломий молия, финтех ёки халқаро капитал бозорлари орқали маблағ жалб қилиш имкониятлари чекланган.
Тошкент халқаро молия маркази ана шу бўшлиқни тўлдириши керак. Яъни бизнес фақат банк кредитига қараб қолмасдан, капиталнинг бошқа манбаларидан ҳам фойдалана олади.
Марказнинг энг муҳим вазифаси эса пулдан ҳам кўра ишонч яратишдир. Хорижий инвестор учун солиқ имтиёзи муҳим, лекин ундан ҳам муҳимроғи – низо чиққан тақдирда унинг ҳуқуқини ким ва қандай қонун асосида ҳимоя қилиши. Шунинг учун марказда халқаро ҳуқуқ тамойиллари, алоҳида тижорат суди ва мустақил регулятор каби механизмлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Агар бу тизим ҳақиқатан ишласа, Ўзбекистон йирик инфратузилма, энергетика, технология ва саноат лойиҳалари учун миллиардлаб доллар хусусий капитал жалб қилиши мумкин. Бу давлат бюджети ва давлат банкларига тушадиган босимни камайтиради, янги иш ўринлари ва юқори малакали мутахассислар учун бозор яратади.
Лекин хавф ҳам бор. Агар марказ фақат солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун компаниялар рўйхатдан ўтадиган **«махсус орол»**га айланса, жамият ундан катта фойда кўрмайди. Давлат солиқдан воз кечади, аммо реал секторга янги капитал, технология ва иш ўринлари етарлича кирмаслиги мумкин.
Шунинг учун марказ муваффақиятини нечта компания рўйхатдан ўтгани билан эмас, қанча янги капитал киргани, қанча иш ўрни яратилгани, қанча маблағ реал иқтисодиётга боргани ва суд ҳамда регулятор қанчалик мустақил ишлаётгани билан ўлчаш керак.
Энг катта масала ҳам шу. Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистон иқтисодиётини очиқроқ, рақобатбардошроқ ва ишончлироқ қиладими ёки иқтисодиёт ичида алоҳида имтиёзли ҳудуд бўлиб қоладими? Бу саволга жавобни тайинлов эмас, кейинги йиллардаги амалий натижалар беради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг