Ўзбекистонда айрим ҳоким ва амалдорларнинг қўл остидагиларни сўкиши, ҳақорат қилиши, ҳатто қўл кўтариши ҳам одатий ҳол. Қўрқувга асосланган ушбу бошқарув алмисоқдан мерос қолган.

Советнинг “начальник ҳар доим ҳақ” деган қараши ҳали ҳам кўп идораларда яшаб келмоқда. Шунинг учун баъзи раҳбарлар ўзини халқ хизматчиси эмас, ҳудуд эгасидек тутади. Унинг назарида ходим – шахс эмас, буйруқ бажарувчи механизм.

Йиғилишда ходимни ерга уриш “қаттиққўллик” деб оқланади. Аслида бақириб бошқариш куч эмас, ожизлик белгиси эканини тавия саводсизлар қайдан билсин?

Энг ёмони — жазосизлик. Бугун ходимини сўккан амалдор эртага уни уришга ҳам ўтади. Чунки у ўзини қонундан юқори деб ҳис қила бошлайди.

Қўрқитилган ходим муаммони айтмайди, фақат раҳбарга ёқадиган сохта ҳисобот тайёрлайди. Одамлар гарданида кредитлар, қарзлар кўпайган пайтда ишсиз қолиш фожиа билан баробар.

Шунинг учун амалдорнинг ҳақорати “ички масала” эмас, ҳақиқий ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланиши керак.

Ҳоким ҳам, вазир ҳам, директор ҳам қонундан устун эмас. Давлат хизматчиси халқнинг эгаси эмас, хизматкори эканини мулозимлар онгига сингдирайлик.