Суғориш мавсуми давом этаётган айни кунларда фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан сув насосларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Назорат тадбирлари давомида электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб қоидабузарликлар фош этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида фермер ва деҳқон хўжаликларида сув насосларидан фойдаланиш бўйича 203 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, бунинг оқибатида 64 миллиард 323 миллион сўмлик электр энергияси талон-торож қилингани маълум бўлди.

Мутасаддилар фермер ва деҳқон хўжаликларини энергия ресурсларидан қонуний ва оқилона фойдаланишга чақирмоқда.

Электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш ускуналарига ташқи аралашув қилиш ёки электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши таъкидланмоқда.

Шу боис барча истеъмолчилардан электр энергиясидан белгиланган тартиб асосида фойдаланиш, ноқонуний ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда энергия ресурсларини тежашга масъулият билан ёндашиш сўралмоқда.