ҚЎШКЎПИРДА ЯШИЛ ҲУДУД БУЗИБ ТАШЛАНМОҚДА
Қўшкўпир туманининг «Яшил макон» доирасида барпо этилгани айтилган яшил ҳудуди техникалар ёрдамида бузилаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Дарахтлар тақдири ва ишлар қонунийлиги бўйича расмий изоҳ ҳали берилмаган.
Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида «Яшил макон» дастури доирасида барпо этилгани айтилаётган яшил ҳудуднинг техника ёрдамида бузилаётгани аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлди.
Элтузарга келиб тушган маълумотларга кўра, ҳолат 2026 йил 10 июль куни халқ орасида Шовот йўли деб аталадиган ҳудудда – Янги Ўзбекистон массиви, Ёвғур маҳалласи яқинида кузатилган.
Элтузарга йўлланган видеода аҳолига соя ва тоза ҳаво бериб турган дарахтзор ҳамда яшил майдонларга махсус техника киритилганини кўриш мумкин. Бироқ ҳозирча бу ишлар нима мақсадда амалга оширилаётгани, дарахтларни кесиш ёки кўчириш учун тегишли рухсатномалар мавжудми-йўқлиги ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Ҳолат маҳаллий аҳоли орасида қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Агар ишлар қонуний ва тасдиқланган лойиҳа асосида олиб борилаётган бўлса, нега жамоатчиликка олдиндан тушунтириш берилмаган? Агар дарахтлар рухсатсиз йўқ қилинаётган бўлса, нега масъул идоралар ҳануз муносабат билдирмаяпти?
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси мамлакатда дарахтзорларни кўпайтириш, шаҳар ва қишлоқларда экологик муҳитни яхшилаш ҳамда мавжуд яшил ҳудудларни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббус сифатида тақдим этилган.
Шу боис Қўшкўпирдаги ҳолат мазкур дастур мақсадлари билан қанчалик мувофиқ эканига ойдинлик киритилиши зарур. Экология вазирлигининг ҳудудий бошқармаси, прокуратура ва туман ҳокимлиги воқеа жойида ўрганиш ўтказиб, ишлар қонунийлиги, кесилган ёки кўчирилган дарахтлар сони ҳамда ҳудуднинг кейинги тақдири ҳақида жамоатчиликка расмий ахборот бериши лозим.
Элтузар ҳолат юзасидан масъул идораларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.
Дарахтни экиб, вояга етказиш учун йиллар керак. Уни йўқ қилиш учун эса бир неча дақиқа кифоя. Табиатга етказилган зарарни тиклаш эса баъзан ўнлаб йилларни талаб қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг