СЎХДА ҚОНУН БОРМИ ЁКИ ФАҚАТ ОДДИЙ ОДАМЛАР УЧУНМИ?
Сўх туманида ички ишлар бошлиғи уйи, «Шаббода» меҳмонхонаси ва туман прокурори маҳалласидан заводгача бир қатор объектлар ҳужжатсиз фаолият юритаётгани иддао қилинмоқда. Элтузар масъул идораларни холис текширувга чақиради.
Фарғонанинг Сўх туманида қонун ҳам тоғ йўлига ўхшайди, шекилли.
Элтузарга келиб тушган мурожаатда айтилишича, туман ички ишлар бўлими бошлиғи яшайдиган уй ва унинг олдидаги «Шаббода» меҳмонхонасига оид айрим ҳужжатлар мавжуд эмас. Меҳмонхона яқин қариндошига тегишли экани иддао қилинмоқда.
Мурожаат муаллифи туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Насрулло Бобомансуровнинг уй-жой ҳужжатлари бўйича ҳам саволлар борлигини билдирган.
Яна туман прокурорининг ўзи яшайдиган маҳаллада бетон ишлаб чиқариш заводи борлиги, унинг ҳам тегишли ҳужжатлари йўқлиги иддао қилинмоқда.
Хуллас, Сўхда бетон қонунийми-йўқми – номаълум, аммо завод ишлаяпти. Уй ҳужжатлими-йўқми – номаълум, аммо одам яшаяпти. Меҳмонхона расмийми-йўқми – номаълум, аммо меҳмон қабул қилмоқда.
Оддий фуқаро бир метр ерни девор билан ўраб олса, кадастр, прокуратура, ички ишлар ва яна алламбало туман идоралари ғиз этиб етиб келади. Аммо гап раҳбарлар ёки уларнинг яқинларига бориб тақалса, идораларнинг кўзига тоғ тумани тушиб, атрофни туман босиб қоладими?
Мурожаатда туман ҳокими ИИБ бошлиғидан чўчиши, унга қарши гап айта олмаслиги ҳам даъво қилинган.
Агар бу гаплар асоссиз бўлса, масъуллар чиқиб ҳужжатларни кўрсатсин. Уйнинг кадастрини, меҳмонхонанинг рухсатномасини, заводнинг ер ва қурилиш ҳужжатларини жамоатчиликка тақдим этсин.
Шунингдек, Сўх тумани ИИБ биносини қурган қурувчи билан боғлиқ ҳолатлар, қурилиш материаллари қаерга ва қанча берилгани ҳам текширилиши кераклиги билдирилган. Хусусан, «Шаббода» меҳмонхонаси қурилишига цемент ва бошқа материаллар етказиб берилгани ҳақида даъволар бор.
Мурожаат муаллифи Сўхда сел йўли яқинида қурилаётган, қиймати қарийб 4 миллиард сўмлик божхона ётоқхонаси қурилишида ҳам туман прокурорининг қариндошлари деб кўрсатилган Атахонов Хуршид ва Хушбахт исмли ака-укалар иштирок иддао қилган.
Уларнинг фаолиятига айрим мансабдорлар томонидан ҳомийлик қилинаётгани ҳақида ҳам жиддий саволлар қўйилмоқда.
Албатта, булар ҳозирча мурожаатда келтирилган иддаолар. Уларни тасдиқлаш ёки рад этиш ваколатли идораларнинг вазифаси.
Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан мазкур ҳолатларни холис текширишни сўраймиз.
Масъулларнинг расмий муносабатини ҳам тўлиқ эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг