«ҲАММАНИ ЭШИТДИК», ЛЕКИН ИЗОҲ ЁЗМАНГ!
Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф тўрт ойлик фаолияти бўйича «ҳаммани эшитдик» дея ҳисобот берди, аммо пост остида изоҳлар ёзиш имконияти чекланди. Очиқ мулоқот ҳақида гап кетар экан, амалда мулоҳаза эшитиш эшиги ёпиқ қолмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф тўрт ойлик фаолияти юзасидан ҳисобот берибди.
Ҳисоботда 14 та ҳудудга борилгани, журналистлар, соҳа фахрийлари ва ёшлар билан учрашилгани, замонавий журналистиканинг муаммолари муҳокама қилингани айтилади. Ҳатто алоҳида урғу билан:
«Ҳаммани эшитдик», – деб ёзилган.
Аммо пост остида фикр билдириш имконияти чекланган.
Яъни уюшма раҳбарияти ҳудудларда журналистларни эшитган, таклифларни ўрганган, мулоқотлар ўтказган, лекин ижтимоий тармоқда ҳисоботга муносабат билдирмоқчи бўлганларни эшитишга эҳтиёж сезмаган, шекилли.
Журналистика – савол бериш, фикрлар хилма-хиллиги ва очиқ мулоқот майдони эмасмиди? Журналистлар уюшмаси раҳбари ҳисобот бериб, изоҳларни чекласа, оддий мансабдорлардан қандай очиқлик талаб қиламиз?
Энг қизиғи, ҳисоботда «мулоқот», «таклиф», «фикр-мулоҳаза» деган сўзлар кўп. Аммо амалда мулоқотнинг эшиги ёпиқ.
Ҳаммани эшитишибди. Фақат ҳисоботдан кейин гапирмаслик шарти билан.
Бу тўрт ойлик фаолият ҳисоботими ёки тўрт ойлик монологми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг