Мен ўзимга қулай бўлгани учун Тошкент метросидан фойдаланиб тураман. Анча ривожланиш бўлди, буни айтмасак, бўлмас.

Лекин, метро фаолиятида ҳам дилни хира қиладиган айрим ҳолатлар бор, буларни ҳам айтмасак бўлмас.

Булардан биринчиси, метро поездларига ўрнатилган радио узел орқали бериладиган эълонда “Ҳурматли йўловчилар – ёши катталар, болали аёллар ва ногиронларга жой беринг” деган жойи бўлиб, ушбу эълонда 2020 йил 15 октябрдан кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун нормалари бузилган жойи бор.

Қонунда ижтимоий ёрдам ва ҳимояга, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилишига муҳтож бўлган шахсларга – “ногиронлиги бўлган шахс” деб таъриф берилган. Ногирон эмас, “ногиронлиги бўлган шахс”. Берилаётган эълон эса ногиронлик белгисига кўра камситиш деб баҳоланиши мумкин.

Метрополитен маъмуриятидан каттагина жарима ва маънавий зарар суммасини тўламаслик учун эълонни янгидан ёзиб, жойлаштиришни маслаҳат берамиз.

Иккинчиси эса, “Пахтакор”, “Халқлар Дўстлиги”, “Новза”, “Мирзо Улуғбек”, “Чилонзор” бекатларида навбатчи ва хавфсизликни таъминловчи ходимлар томонидан овоз кучайтиргич орқали йўловчиларга бақириб-ўшқиришидир. Ўзларига билинмас балки, ташқаридан қараганда мол ҳайдаганга ўхшайди. Бундайларнинг орасида аёл ходималарнинг борлиги жуда ачинарли ҳолат.

Бу ҳолатлар хорижий туристларнинг видеоларида неча марта акс этган бўлса? Биз йўловчилар текинга эмас, пул тўлаб сизнинг хизматингиздан фойдаланмоқдамиз. Сизнинг ходимларингизнинг ўшқиришига лойиқ эмасмиз. Поездларингиз тўхтаб қолганида ҳам биз ҳеч кимга бақирмаяпмиз.

Метрополитен маъмуриятидан буларни овоз кучайтиргич орқали сухандонларга ўхшаб, бақирмасдан ва монотон овозда гапиришга ўргатиш (талабини қўйиш)ни сўраб қоламиз. Акс ҳолда бу ҳолат ҳақорат деб баҳоланиб, каттагина жарима ва маънавий зарар суммасини тўлашга олиб келиши мумкин.

Каттаконлар пиёда ёки метрода юрмайди, юрсаям буларни кўрмайди. Бу ҳолатларни кўриш учун жума намози тугаган вақт ёки сентябрь-май ойлари даврида эрталабки ва кечки тиғиз пайтда тушиб кўрсин.

Учинчидан, Метрополитен ҳам пойтахтнинг диққатга сазовор жойларидан биридир. Наҳотки, ходимларни ишга қабул қилишда ташқи кўриниши, бўйи, оғирлиги каби параметрлар бўйича талаб қўйиб бўлмайди? Наҳотки, қорни гимнастёркасидан чиқиб кетган бу ходималарни танлов ўтказиш йўли билан ҳеч бўлмаса битта хорижий тилни биладиган техникум битувчилари бўлган қизлар билан алмаштириб бўлмайди? Наҳотки, ер остида  ноқулай шароитларда ишлаётган бу ходималарни 45 ёшдан пенсияга чиқариб бўлмайди?

Янги Ўзбекистонда сизлар ҳам ўзгаринглар, ахир.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров