Билмаганларга қисқа маълумот: Ўзбекистонда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари Олий аттестация комиссия белгилаган тартиб асосида берилади. Илмий изланувчи диссертация тайёрлаб, ихтисослашган илмий кенгашда ҳимоя қилади. Илмий кенгашлар университетлар қошида тузилади. Кенгаш таркиби ўзгармайди – кенгашга кирган профессорлар ярим пайғамбардек гап. Кенгашлар таркибидаги абсурд ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Ҳимоя натижалари ва тегишли ҳужжатлар Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан кўриб чиқилади. Илмий даража айнан ОАК қарори билан расмий тасдиқланади. Бу тизим мамлакат бўйлаб ягона давлат стандартларини таъминлаш, илмий ишлар сифати устидан марказлашган назоратни амалга ошириш учун йўлга қўйилган. Қоғозда шунақа ҳарқалай. Амалда илк қаршилик мавзудан бошланади. Битган ишни қайтариб, ҳафсалани пир қилиш учун мавзу керак эмас, мавзу аниқ эмас деган тамға урилади. Сўнг муҳокама, семинарлар ўтгач яна анча пайт иш мужмал қолади. Методика (педагогика) соҳасида мезон – тамойил, такомиллаштириш – шакллантириш яна бир алламбало «… иш» деган сўзларни ўзгартиравериб диссертант эсдан оғай дейди. Шундан сўнг, тегишли суммалар тегишли чўнтакларга етиб боргач ҳимоялар бўлади. Хўш, дунё тажрибаси қандай ўзи?

Биринчидан, бутун дунёда баландроқ лавозимга етиш учун диссертация ҳимоя қилиб илмий даража олиш анъанаси бор. Сизни алдаб, ана Ғарбда бари идеал, ҳамма илмий даражали одам – олим, меҳнати эна сутидек ҳалол деб алдамаймиз. АҚШда ҳам, Хитойда ҳам бундай кейслар талай. Шундай экан, ФА раиси Ўзбекистонда мансабдорларнинг тезда ҳимоя қилиб кетаётганини гапириб «очко» ишламаслиги лозим.

Муаммо, мансабдорларнинг тез ҳимоя қилишида эмас, муаммо оддий одамларнинг тезда ҳимояга чиқа олмаётганида. Муаммо бир соҳанинг бошқаларидан паст кўрилишида, хусусан, педагогиканинг бошқа соҳалардан ўгай кўрилишида. Нега бир кенгашда эълонлар кетма-кет топширилган санасига кўра чиқади? Бошқа кенгашда бундай изчиллик йўқ? Нега кенгаш аъзолари доимий ротация қилинмайди? Нега диссертант ўз ишларини тизимга мустақил юклолмайди, нега жараённи ўзи кузатиб, ОАКка онлайн мурожаат қилолмайди? ОАКнинг раддиясимон билдиргисида бундай ноқулай саволларга жавоб йўқ.

Бу борада хориж қандай йўл тутади? Нега ривожланган мамлакатларда ОАК йўқ? Уларни эшик қисганми?

АҚШ ҳамда Буюк Британияда марказлашган ОАК каби орган мавжуд эмас. Илмий даражани университетнинг ўзи беради.

Докторант мустақил тадқиқот олиб боради, илмий раҳбар билан ишлайди, диссертациясини тайёрлайди ва ташқи экспертлар иштирокида ҳимоя қилади. Барча талаблар бажарилганидан кейин университет Сенати ёки Graduate School томонидан илмий даража расмийлаштирилади. Бу ерда асосий эътибор университетнинг нуфузи, аккредитацияси ва илмий салоҳиятига қаратилади.

Германияда ҳам илмий даражани университетлар беради. Ҳар бир университет ўзининг илмий регламентига эга бўлиб, давлат фақат умумий ҳуқуқий асосларни белгилайди.
Францияда ҳам ягона миллий талаблар мавжуд бўлса-да, илмий даража университетлар томонидан берилади. Университетлар давлат томонидан аккредитация қилинган бўлиши шарт.

Туркияда илмий даражани университетлар беради, аммо бутун тизим Олий таълим кенгаши (YÖK) томонидан мувофиқлаштирилади.
Жанубий Корея, Япония ва Хитойда ҳам илмий даражалар университетлар томонидан берилади. Давлат асосан университетларни аккредитация қилиш ва таълим сифати назорати билан шуғулланади. Демак, ОАКсиз ҳам бу давлатлар олимларининг бахти тугал, салоҳияти устун ва ишлари самарали.

Университетларга асосланган тизим илмий мустақилликни кенгайтиради, қарор қабул қилишни тезлаштиради,
университетлар ўртасида рақобат муҳитини кучайтиради, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Бизнинг қадрдон ОАК ҳимоя эълонлари ва даража тасдиғини муборак сайтида эълон қилиши учун биздек ёмон Элтузардан дакки эшитиши керак. Энг қизиғи, жараёндаги олди-берди, нарх-навони яхши билган тизим инсайдерлари изоҳларда тизимнинг пок ва бетараф эканини даъво қилади. Муаммони очиқ айтган нашрга тош отганингиз билан муаммо йўқ бўлиб қолмайди, пийпл.