ФАРҒОНА БОҒЧАЛАРИДА БОЛАЛАР ХАВФСИЗЛИГИ КИМНИНГ НАЗОРАТИДА?
Фарғонадаги боғчада болаларга бақириш, қўрқитиш ва ҳатто қўл кўтариш ҳолатлари аниқланди. Қоғоздаги талабларга қарамай, болалар хавфсизлиги нега фақат можаролардан кейингина назоратга олинаётгани сўралмоқда.
Фарғона вилоятидаги ушбу боғчада болаларга нисбатан босим, қўпол муомала, бақириш, қўрқитиш ва ҳатто қўл кўтариш ҳолатлари бўляпти.
Боғча — аслида бола ўзини энг аввало хавфсиз ҳис қилиши керак бўлган жой. Тарбиячи болага бақириш, қўрқитиш ёки қўл кўтариш у ёқда турсин, уни камситиш ва қўпол муомала қилишга ҳам ҳаққи йўқ.
Қоғоздаги талабларга кўра, мактабгача таълим ташкилоти болаларни тарбиялаш ва ўқитиш учун хавфсиз шарт-шароитларни яратиши, боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўймаслиги керак.
Лекин Ўзбекистонда фақат ижтимоий тармоқларга чиққандан кейингина бу оғир муаммо назоратга олинади. Назоратнинг вазифаси воқеа содир бўлганидан кейин айбдорни излаш эмас, воқеа содир бўлишининг олдини олиш эмасми?
Шу ўринда Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Шерзод Долимовга яна бир бор мурожаат қиламиз. Болаларнинг хавфсизлиги сизнинг энг биринчи масъулиятингиз. Боғчаларни асаби чарчаган золимлардан тозаланг.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг