Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 43 ёшли аёл қарамоғида бўлган уч ёшли болага нисбатан оғир зўравонлик қўллангани ҳақида Элтузарга хабар келиб тушди. Боланинг танасида турли жароҳатлар ва куйиш излари аниқланган, у оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми – қийнаш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. 43 ёшли аёл иш доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, боланинг онаси кафеда ишлагани сабабли уни қарийб икки ой давомида кундузги вақтда энага қарамоғига қолдириб келган. Боланинг отаси эса хорижда меҳнат муҳожирлигида экани айтилмоқда.

Воқеага қўшниларнинг шубҳаси сабаб бўлган. Улар боланинг аҳволидан хавотирланиб, тегишли шахсларга хабар берганидан кейин гўдак шифохонага олиб борилган.

Бола яқинларининг айтишича, унинг танасида оддий лат ейишга ўхшамайдиган оғир жароҳатлар, жумладан куйиш излари ҳам бўлган. Улар болага нисбатан мунтазам равишда шафқатсиз муносабатда бўлинган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.

Ҳозирча гумонланувчининг воқеа юзасидан кўрсатмаси ва терговнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган.

Болалар омбудсмани ҳам ушбу ҳолатни назоратга олган. Тергов давомида болага етказилган жароҳатларнинг келиб чиқиши, зўравонлик қанча вақт давом этгани ва воқеага бошқа шахсларнинг алоқадорлиги бор-йўқлигига аниқлик киритилиши кутилмоқда.