Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қумтўғон маҳалласидаги Норин дарёси бўйида ғалати бир «эркин иқтисодий зона» пайдо бўлганга ўхшайди.

Аҳоли мурожаатига кўра, дарёнинг нейтрал чегара ҳудудида нотурар объектлар, дўконлар, сартарошхона ва ҳатто гилам ювиш шохобчаси бемалол ишлаб турибди.

Мурожаатчиларнинг айтишича, айрим объектларнинг электр тармоғи ва сув манбасига уланишида қонунийликка риоя қилинмаган. Гилам қуритиш ускуналари эса тунги вақтда ҳам шовқин солиб, яқин атрофдаги аҳолининг оромини бузмоқда.

Аҳоли экологик назорат идоралари бу ҳолатни кўриб туриб ҳам етарли чора кўрмаётгани, ҳатто айрим тадбиркорларга нисбатан тарафкаш муносабат бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Аслида масала бир нечта дўкон ёки гилам ювиш шохобчасида эмас. Масала – Норин дарёси бўйида қонун ҳамма учун бир хил ишлаяптими-йўқми, деган саволда.

Бир фуқаро ариқ бўйига бир метр бетон қуйса, инспектор етиб келади. Аммо дарё бўйида объект қуриб, сувдан фойдаланиб, кечаси шовқин солиб ишлаш мумкин бўлса, бу ерда назорат йўқми ёки назорат фақат оддий одамлар учунми, деган савол туғилади аҳолида.

Элтузар таҳририятига мазкур ҳолат юзасидан фото далиллар тақдим этилди.

Биз Республика ва Наманган вилояти даражасидаги Экология, сув хўжалиги, энергетика, қурилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганишни сўраймиз.

Норин дарёси кимнингдир хусусий ҳовлиси эмас. У – халқники. Қонун ҳам шундай бўлиши керак.