Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон бўйича сўнгги кузатувларида жиддий масала кўтарилган: янги Меҳнат кодексида жамоавий меҳнат низоларини ҳал қилиш тартиби белгиланган бўлса-да, иш ташлаш ҳуқуқи аниқ ва тўлиқ ифодаланмаган. ХМТ Қўмитаси Ўзбекистондан иш ташлаш ҳуқуқини тўлиқ тан олиш учун қонунчиликни такомиллаштиришни сўраган.

Ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Ҳатто касаба уюшмасига киришга мажбурлаш ёки ундан чиқишга тўсқинлик қилиш мумкин эмас.

Бироқ иш ташлаш каби кучли коллектив ҳаракат учун мустақил ва фаол меҳнат вакиллиги жуда муҳим. ХМТ ҳужжатларида Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг мустақиллиги ва давлатнинг улар фаолиятига аралашмаслиги масалалари бўйича ҳам эътирозлар ва тавсиялар қайд этилган.

Ходимлар ишидан айрилишдан қўрқади. Бу, эҳтимол, энг кучли ижтимоий омиллардан бири. Масалан, 50 нафар ходимнинг маоши, меҳнат шароити ёки раҳбарнинг ноқонуний ҳаракатига норозилиги бўлса ҳам, ҳар бир одам: «Агар биринчи бўлиб чиқсам, ишдан ҳайдалмайманми?» деб ўйлаши тайин. Одамлар алоҳида-алоҳида шикоят қилади, лекин бу жамоавий ҳаракатга айланмайди.

ХМТ нуқтаи назаридан иш ташлаш одатда ходимларнинг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий йўли ҳисобланади.

«Ўзбеклар норози бўлмайди» деган хулоса нотўғри. Норозилик ҳамма жойда бор. Фақат у кўпинча оммавий иш ташлаш шаклига кирмайди, ариза, шикоят, ижтимоий тармоқда чиқиш, юқори раҳбариятга мурожаат ёки индивидуал ҳаракат билан чекланиб қолади. Одамлар судлашиш маданиятини ўрганмагунча золим раҳбариятнинг ноҳақлиги тугамайди.