Фарғона вилояти Сўх тумани Малбут массивида яшовчи фуқаролардан Элтузар таҳририятига асфальт заводи фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатга видео ҳам илова қилинган.

Малбут массивидаги асфальт заводи: аҳоли ҳаво ифлосланаётганидан шикоят қилмоқда.

Мурожаат муаллифининг иддаосига кўра, мазкур ҳудудда жойлашган ва Назар Нурматовага тегишли экани айтилаётган асфальт заводи ҳавони тозалаш учун зарур бўлган фильтрларсиз ишламоқда.

Фуқаролар завод фаолияти натижасида ҳавога катта миқдорда чанг ва тутун тарқалаётгани, бу эса яқин атрофда яшовчи аҳоли учун жиддий ноқулайлик туғдираётганини билдирмоқда.

«Завод ҳаво фильтрисиз ишлаяпти. Атрофдаги аҳоли ҳавосига катта зарар етказмоқда. Бу маҳаллада яшаб бўлмай қолди», – дейилади таҳририятга юборилган мурожаатда.

Мурожаат муаллифлари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги масъул идоралар, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда маҳаллий ҳокимликдан завод фаолиятини холис ва қонуний тартибда ўрганиб чиқишни сўрамоқда.

Хусусан, корхонада ҳавони тозалаш ускуналари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, атмосферага чиқарилаётган моддалар белгиланган меъёрларга қанчалик мувофиқлиги ҳамда заводнинг экологик талабларга риоя қилиши текширилиши лозимлиги таъкидланмоқда.