Ҳарбий генераллар доим ўтиб кетган урушга тайёрланишади. Яъни улар аллақачон тугаб бўлган урушдан дарс олиб, шунга кўра тадорикланишади. Уруш деганда кўпчиликнинг кўз олдига танклар, самолётлар, ракеталар ва ядровий қуроллар келади. Лекин булар ҳозир актуал эмас. XX аср воқелиги шундай эди.

XXI асрда мамлакатни кучсизлантириш учун миллион кишилик армияни чегарадан ўтказиш шарт эмас. Бир нечта кичик дрон, аниқ разведка ва муҳим логистика нуқталарига берилган зарбалар иқтисодиётни остин-устун қилади.

Сўнгги пайтларда Wildberries логистика марказларига қилинган ҳужумлар ана шу имкониятни яққол далиллади. Ҳужумлар натижасида омборлар шикастланди, товарлар ёниб кетди, етказиб бериш занжири издан чиқди, минглаб тадбиркорлар зарар кўрди. Компания ҳатто зарар кўрган тадбиркорларга кредит ва қарз тўловларини уч ойга кечиктиришга мажбур бўлди. Бу эса дрон зарбалари йирик иқтисодий экотизимга таъсир қилганини англатади.

Замонавий маркетплейслар шунчаки интернет-дўкон эмас. Улар миллионлаб сотувчилар, омборлар, курьерлик хизматлари, банклар, кредит ташкилотлари, суғурта компаниялари ва харидорларни бирлаштирувчи улкан иқтисодий инфратузилмадир. Бундай тизимнинг бир бўғини ишдан чиқса, унинг оқибати бутун занжир бўйлаб тарқалади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, XXI асрдаги урушлар тобора ҳарбий кучлар эмас, иқтисодий инфратузилмалар ўртасидаги курашга айланмоқда. Энергетика, транспорт, портлар, темир йўллар, маълумот марказлари, тўлов тизимлари ва маркетплейслар стратегик аҳамият касб этади. Уларга етказилган зарар баъзан фронтдаги юзма-юз йирик жанглардан ҳам каттароқ иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлади.

Росмиянинг ядро қуролини ҳисоблаб, ядро потенциалига тўн бичиб ўтирган «диванный» генераллар ҳали ҳам ядро уруши инсоният учун энг катта хавф деб ҳисоблайди. Албатта, ядровий қуролнинг вайронкор кучи беқиёс. Бироқ унинг қўлланилиши сиёсий, ҳарбий ва халқаро оқибатлари туфайли жуда катта тўсиқларга дуч келади. Аксинча, арзон дронлар, киберҳужумлар ва логистика объектларига аниқ зарбалар бугунги кунда анча кўп қўлланилаётган воситаларга айланди. Уларнинг иқтисодий таъсири эса баъзан миллиардлаб доллар билан ўлчанади.
Энг муҳими, бундай ҳужумлардан оддий фуқаро ҳам четда қолмайди. Товарлар кечикиши, нархлар ошиши, кичик бизнеснинг зарар кўриши, иш ўринларининг қисқариши ва таъминот занжирининг узилиши уруш майдонидан минглаб километр узоқда яшайдиган инсонларнинг ҳаётига таъсир қилади.

Шунинг учун XXI аср урушларини энди фақат ҳарбий нуқтаи назардан баҳолаш етарли эмас. Замонавий босқинчилик урушларида ҳатто ғолиб томон ҳам катта иқтисодий йўқотишлардан қочиб қутула олмайди. Шу боис XXI асрда қурол билан ҳудуд эгаллаш – абсурд ғоя, ҳозир иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш давлатлар қудратининг асосий мезонларидан бирига айланиб бўлди.