ҲУСИЙЛАР САУДИЯ АРАБИСТОНИНИНГ ТЎРТ ШАҲРИГА ЗАРБА БЕРДИ – 73 КИШИ ЖАРОҲАТЛАНДИ
Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар Саудия Арабистони жанубидаги тўрт шаҳарга дрон ва ракеталар билан зарба бериб, камида 73 кишини жароҳатлади, нефть объектларида ёнғинлар келиб чиқди. Ҳодиса нефть нархи ўсишига ҳам таъсир кўрсатди.
Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар сешанба куни Саудия Арабистони жанубидаги тўрт шаҳарга дрон ва ракеталар билан зарба берди. Ҳужумлар оқибатида камида 73 киши жароҳатланган, нефть объектларида ёнғинлар чиққан. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳусийлар Хамис-Мушайт шаҳридаги Саудия ҳарбий-ҳаво базаси, шунингдек Абҳо, Нажрон ва Жизон шаҳарларидаги Saudi Aramco объектларини нишонга олганини маълум қилди.
NASA сунъий йўлдош тасвирларида Жизондаги нефтьни қайта ишлаш заводи устида қуюқ қора тутун, Абҳодаги нефть тақсимлаш марказидан эса тутун устуни кўтарилаётгани кўринган.
Саудия расмийларига кўра, жароҳатланганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
Бу ҳужумлар АҚШ ва Исроилнинг февралда Эронга қарши уруш бошлаганидан бери Саудия Арабистонига қилинган энг йирик зарбалардан бири бўлиши мумкин.
Ҳусийлар зарбаларни Саудиянинг Яманга қарши ҳаво ҳужумларига жавоб деб атади. Саудия бошчилигидаги коалиция эса ҳусийларга қарши «барча зарур оператив чоралар» кўрилишини билдирди.
Нефть нархи ҳам кўтарилди
Минтақадаги янги кескинлик нефть бозорига ҳам таъсир қилди. Brent нефти нархи сешанба куни бир баррель учун 99,46 долларгача кўтарилди — бу 24 июлдан бери энг юқори кўрсаткич.
Таҳлилчилар Саудия нефть инфратузилмасига ҳужумлар давом этса, Ҳурмуз бўғозидаги инқироз билан бирга жаҳон энергия таъминотига янада кучли босим ўтказиши мумкинлигидан хавотирда.
Айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги тўқнашувлар ҳам давом этмоқда. Вашингтон Эрон нефть экспортини чеклашга ҳаракат қилаётган бўлса, Теҳрон Ҳурмуз бўғозида янги «денгиздаги тақиқланган ҳудуд» жорий этишини маълум қилди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг