Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ҳужум бошлашидан тахминан 10 кун олдин Бирлашган Араб Амирликлари президенти Муҳаммад бин Зоиддан шахсан огоҳлантириш олган, аммо бу маълумотни Исроил хавфсизлик идораларига етказмаган.

Бу ҳақда Исроилнинг «Haaretz» нашри янги журналистик суриштирувга таяниб хабар берди. Кейинчалик Амирликлардаги суҳбатдан хабардор манба ҳам бундай огоҳлантириш бўлганини The Times of Israel нашрига тасдиқлаган.

Маълумот журналистлар Шломи Элдар ва Рут Ювал қаламига мансуб «Kidnapped: 843 Days of Abandonment» китобида келтирилган. Муаллифлар Исроил ва хориждаги ўнлаб манбалар, жумладан юқори лавозимли амалдорлар билан суҳбатлашган.

Китобда айтилишича, 2023 йил сентябрь охирида Нетаняху ва Муҳаммад бин Зоид ўртасида тахминан 45 дақиқалик телефон мулоқоти бўлган. Суҳбат тафсилотларидан камида уч нафар юқори мартабали хорижий амалдор хабардор қилинган.

«СИНВАР КАТТА ҲАРАКАТГА ТАЙЁРЛАНЯПТИ»

Хабарга кўра, БАА раҳбари Нетаняхудан ҲАМАСнинг ўша пайтдаги Ғазо раҳбари Яҳё Синвар жиддий ва йирик операцияга тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотга жиддий қарашни сўраган.

Муҳаммад бин Зоид режалаштирилаётган ҳаракат қон тўкилишига, бутун минтақада беқарорликка ва Исроил билан араб давлатлари муносабатларини нормаллаштирган Иброҳим келишувларига хавф туғдириши мумкинлигини айтгани хабар қилинмоқда.

Бироқ суриштирувга кўра, Нетаняху бу огоҳлантиришни хавфсизлик раҳбарларига етказмаган ва унга нисбатан алоҳида чора кўрмаган.

«Haaretz» манбаларига кўра, Нетаняху суҳбат давомида вазиятга хотиржам муносабат билдирган, Исроил Ғазодаги вазиятни назорат қилиб турганини ва каттароқ хавф Ғарбий соҳилдан келиши мумкинлигини айтган.

ОГОҲЛАНТИРИШ СИНВАРНИНГ ЎЗИДАН БОШЛАНГАНМИ?

Суриштирувда огоҳлантириш занжирининг бошланиши Яҳё Синварнинг ўзига бориб тақалиши айтилган.

2023 йил ўрталарида Синвар Исроил билан асирлар алмашуви бўйича музокаралар жуда секин кетаётганидан норози бўлган. Ўша пайтда ҲАМАС Ғазога ўз ихтиёри билан кириб қолган бир неча исроиллик фуқарони, шунингдек икки исроиллик ҳарбийнинг жасади қолдиқларини ушлаб турган.

Хабарга кўра, Синвар ФАТҲ ҳаракатидаги юқори мартабали алоқадор шахс орқали Исроилга бир неча бор сигнал юборган. Агар музокараларда силжиш бўлмаса, «катта сюрприз» бўлиши ва жиддий операция тайёрланаётганини билдирган.

Ўша ФАТҲ вакили хабарни Муҳаммад бин Зоид маслаҳатчисига яқин бўлган танишига етказган. Маслаҳатчи эса бу маълумот бутун Яқин Шарқ учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб, уни БАА президентига билдирган.

Шундан сўнг, Исроил томонидан жиддий реакция бўлмагани сабаб, Муҳаммад бин Зоид масалани Нетаняху билан шахсан муҳокама қилишга қарор қилгани айтилмоқда.

НЕТАНЯХУ ИДОРАСИ ДАЪВОНИ РАД ЭТДИ

Исроил бош вазири идораси эса «Haaretz» хабарини рад этди.

Нетаняху идорасига кўра, БАА томонидан 7 октябрь ҳужумидан олдин бош вазирга бундай огоҳлантириш берилмаган. Идора икки давлат ўртасида разведка каналлари орқали тегишли маълумотлар мунтазам алмашиб туришини таъкидлаган.

«Haaretz» эса ўз суриштирувида келтирилган маълумотлар ортида туришини билдирди. Нетаняху нашр устидан судга мурожаат қилишини айтган.

2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги қуролли гуруҳлар Исроилга кенг кўламли ҳужум қилиб, қарийб 1 200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган эди. Бу ҳужумдан сўнг Исроил Ғазо секторида катта ҳарбий операция бошлади.

Янги маълумотлар эса 7 октябрь фожиасидан олдин Исроил сиёсий раҳбарияти қўлида қандай огоҳлантиришлар бўлгани ва улар нега хавфсизлик тизимида ҳаракатга айлантирилмагани ҳақидаги баҳсларни яна кучайтирди.