МАРКАЗИЙ ОСИЁДАГИ БЛЭКАУТ СОВЕТ ДАВРИДАН ҚОЛГАН ТИЗИМ ЗАИФЛИГИНИ КЎРСАТДИ
14 августда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонни қамраган йирик блэкаут Совет давридан мерос бўлган умумий электр тармоғининг заифлигини ошкор этди. Ортиб бораётган талаб, дата-марказлар ва иқлим хавфи фонида минтақа энергия хавфсизлиги қандай қайта кўриб чиқилмоқда?
14 август куни Қозоғистон вақти билан соат 14:38 да (GMT +5) Марказий Осиёнинг бир неча мамлакатида чироқлар бирин-кетин ўча бошлади. Орадан саноқли дақиқалар ўтиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда электр узилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Жамоат транспорти тўхтади, айрим корхоналар ишини тўхтатишга мажбур бўлди, қатор ҳудудлар электрсиз қолди.
Авария сабаби ҳақида эса ҳар бир томон турлича гапирди. Қозоғистоннинг миллий электр тармоғи оператори KEGOC муаммони Қирғизистондаги Тўқтоғул ГЭСида юз берган носозлик билан боғлади. Қирғизистоннинг NESK компанияси эса, аксинча, тизим Қозоғистон томонидаги ташқи узилиш оқибатида ишдан чиққанини билдирди. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам муаммо қўшни давлатда юз берганини айтиб, ўз ҳудудида носозлик бўлмаганини таъкидлади.
Айбдорни аниқлаш, албатта, муҳим. Аммо бу баҳс асосий муаммони сояда қолдирмаслиги керак. Бир нуқтадаги техник носозликнинг тўртта мустақил давлатга бир вақтнинг ўзида таъсир қилиши Марказий Осиё энергетика тизимидаги жиддий заифликни кўрсатди.
Мустақилликка эришилганига ўттиз йилдан ошган бўлса-да, минтақа мамлакатлари ҳали ҳам Совет даврида қурилган ва бир-бирига қаттиқ боғланган ягона электр тармоғига катта даражада қарам.
Бу масала айниқса ҳозир муҳим. Чунки Марказий Осиё давлатлари арзон электр энергияси ва Осиёнинг йирик бозорларига яқинлигини афзаллик сифатида кўрсатиб, мамлакатларига маълумотлар марказлари ва сунъий интеллект инфратузилмаларини жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.
Қозоғистон маълумотлар марказларини ривожлантиришни 2029 йилга мўлжалланган Digital Qazakhstan стратегиясига киритган. Экибастузда эса қуввати келажакда 1 ГВт гача етказилиши мумкин бўлган йирик AI маълумотлар маркази қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Қирғизистон эса Россия–Қирғизистон тараққиёт жамғармасидан (RKDF) 1 миллион доллар маблағ олган ва 2024 йилда мамлакатдаги биринчи тижорий маълумотларни қайта ишлаш марказини ишга туширган. Жамғарма марказдаги ускуналар хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш ишончлилиги кафолатланганини билдирган.
14 августдаги авария тахминан 600 МВт электр ишлаб чиқариш қувватига таъсир қилди. Бу эса Марказий Осиё электр тизимлари ҳали ҳам бир-бирига нақадар боғлиқ эканини яна бир бор кўрсатди.
Ўзбекистон бир пайтлар минтақавий электр тармоғидан чиқиб кетган, натижада Тожикистон ҳам умумий тизимдан ажралиб қолган эди. Аммо 2024 йилдан Тожикистон қайтадан ягона тармоққа қўшила бошлади.
Бу жараёнга Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида янги электр линияси қурилиши ҳам туртки берди. Айни пайтда минтақа давлатлари чегаралараро электр савдосини янада кенгайтиришга интилмоқда.
Бунинг асосий сабаби – электрга талабнинг жадал ўсиши.
Яқиндаги таҳлилга кўра, 2026 йил июль ойида Ўзбекистон электр тармоғидаги юклама тарихий рекорд даражага чиққан. Қирғизистонда эса электр истеъмоли 2025 йил июлига нисбатан 18 фоизга ошган.
Талабнинг бу даражада ўсишида минтақанинг кескин иқлими ҳам катта роль ўйнайди. Ёзда кучли иссиқ, қишда эса иситишга юқори талаб электр тармоқларига босимни оширади.
Бунга энди маълумотлар марказлари ва AI инфратузилмалари ҳам қўшилмоқда. Битта йирик сунъий интеллект маркази кичик бир шаҳар миқдорида электр энергиясини истеъмол қилиши мумкин.
Бу эса мавжуд тизимнинг бошқа заиф нуқталарини ҳам очиб ташлайди.
Марказий Осиёда электр энергиясининг қарийб 75 фоизи ҳануз қазилма ёқилғилар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Аммо ички истеъмол ишлаб чиқаришдан тезроқ ўсиб бораётгани сабаб Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиядан энергия ресурслари импортига ҳам таянишга мажбур бўлмоқда.
Айни вақтда Россия нефтни қайта ишлаш заводларига Украина дронлари ҳужумлари ва Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиётига босими ортидан энергия ресурслари нархи ҳам қимматлашмоқда.
Бу хавфларни англаган минтақа давлатлари сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия қувватларини жадал ривожлантиришга киришди. Қуёш, шамол ва гидроэнергетика лойиҳалари тобора кўпаймоқда.
Гидроэнергетика энергия хавфсизлигини кучайтириш воситасидек кўринади. Аммо у ҳам иқлим ўзгаришига қаттиқ боғлиқ. Ёзда қурғоқчилик, қишда дарёларнинг музлаши сув сатҳига таъсир қилиб, электр ишлаб чиқаришни беқарорлаштириши мумкин.
14 августдаги авария сабабларидан бири сифатида тилга олинган Қирғизистондаги Тўқтоғул ГЭСидаги сув сатҳи ҳақидаги маълумотлар эса 2025 йилдан бери давлат сири ҳисобланади. Бу каби маълумотларнинг ёпиқлиги хавфни олдиндан баҳолаш ва эҳтимолий авария ҳақида эрта огоҳлантириш имконини чеклайди.
Шунга қарамай, Марказий Осиё электр тизимларини янада интеграция қилишнинг иқтисодий мантиғи кучли.
Agora Energiewende ва Марказий Осиё университети тайёрлаган таҳлилга кўра, минтақа давлатлари электр тизимларини янада чуқур боғласа, 2035 йилга бориб йилига 3,5 миллиард долларгача харажатни тежаш мумкин. Бу ўсиб бораётган талабни қоплашга ҳам ёрдам беради.
Аммо интеграциянинг ўзи тизимни ишончли қилиб қўймайди.
Марказий Осиё янги заводлар, саноат кластерлари, дата-марказлар ва бошқа энергияни кўп талаб қиладиган соҳаларни жалб қилмоқчи бўлса, электр тармоғининг барқарорлиги унинг умумий қувватидан кам аҳамиятга эга бўлмайди.
14 августдаги блэкаут шуни кўрсатдики, чуқурроқ интеграция билан бирга қайта тикланувчи энергияга сармояни ошириш, энергия сақлаш тизимлари ва талабни мослашувчан бошқариш механизмларини ривожлантириш ҳам зарур.
Энг муҳими, давлатлар авариядан кейин бир-бирини айблаш билан чекланмай, чегаралараро электр тармоғини бошқариш қоидаларини биргаликда ишлаб чиқиши ва муҳим техник маълумотларни яширмаслиги керак.
Акс ҳолда, навбатдаги носозлик фақат чироқларни ўчириб қўймаслиги мумкин.
У Марказий Осиё қуришга уринаётган минтақавий ҳамкорлик моделининг ўзига бўлган ишончни ҳам ўчириши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг