Қозоғистон ҳозирги сунъий интеллект пойгасида бир вақтнинг ўзида ҳар икки томон билан ҳам ишлашни истамоқда. Июнь ойида Остона АҚШ қўллаб-қувватлаётган Pax Silica ташаббусига қўшилди. Ушбу ташаббус янги сунъий интеллект технологиялари учун хавфсиз таъминот занжирини шакллантиришни мақсад қилган. Орадан бир ой ўтиб эса Қозоғистон яна 28 давлат билан бирга Хитой етакчилигидаги Жаҳон сунъий интеллект ҳамкорлик ташкилоти – WAICOнинг таъсисчи аъзосига айланди.

Қозоғистон учун бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Аксинча, бундай қадамлар мамлакатнинг ўнлаб йиллар давомида Марказий Осиё давлатларига Хитой, Россия ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаш имконини берган кўп векторли дипломатиясининг янги кўринишидир.

Бироқ сунъий интеллект соҳасида нейтралликни сақлашга уриниш одатий ташқи сиёсат қоидалари асосида ишламайди. Давлат Хитой инфратузилмасини харид қилиб, айни пайтда дипломатларини Вашингтонда ўқитиши ёки Россия билан савдо алоқаларини кучайтирган ҳолда Европа инвестицияларини жалб қилиши мумкин. Аммо сунъий интеллект соҳасидаги қарамликларни мувозанатлаш анча қийин.

Чунки сунъий интеллект тизимини яратиш учун зарур бўлган чиплар, булутли тизимлар, маълумотлар марказлари, дастурий таъминот ва электр энергиясининг ўзи стратегик қарамлик манбаидир.

Бундан ташқари, Остонанинг ҳам Pax Silica, ҳам WAICO ҳужжатларига қўшилиши АҚШнинг махсус мактуб лойиҳасини тайёрлашига сабаб бўлди. Унда АҚШнинг AI Opportunity Statement баёнотига қўшилган давлатлар, жумладан Pax Silica доирасидаги шериклардан, Хитой билан сунъий интеллект пойгасида қайси томонда эканини танлаш талаб қилиниши, акс ҳолда улар АҚШ бошчилигидаги ташаббусдан четлатилиши мумкинлиги айтилган.

Қозоғистоннинг сўнгги пайтларда технологик суверенитетга интилиши ҳам рақобатлашаётган ҳамкорликлар ўртасидаги бу дилеммани яққол кўрсатиб бермоқда.

Июнь ойида Остона 2029 Digital Qazakhstan стратегиясини қабул қилди. Ҳужжатда бошқа вазифалар қаторида ҳисоблаш қувватини келажакда 1 ГВтгача ошириш мумкин бўлган суверен сунъий интеллект хабини ташкил этиш кўзда тутилган.

28 август куни давлатга қарашли инвестицияларни жалб қилиш компанияси Kazakh Invest ва Сингапурнинг Energy Capital Globe Pte. Ltd. — ECG компанияси Павлодар вилоятининг Экибастуз шаҳрида 1 ГВтгача қувватга эга сунъий интеллект маълумотлар марказини ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди. ECG лойиҳанинг асосий эгаси ва инвесторига айланиши мумкин.

Айнан шу ерда парадокс пайдо бўлади.

Қозоғистон технологик суверенитетга қанчалик кўп интилса, хориждан келадиган технологиялар, капитал ва тажрибага шунчалик кўпроқ боғланиб бормоқда.

Илғор микрочиплар ишлаб чиқариш ҳали ҳам саноқли давлатларда жамланган бўлиб, асосий ишлаб чиқариш кластерлари АҚШ, Европа ва Шарқий Осиёда жойлашган.

Булутли инфратузилма ҳам бир неча йирик компания қўлида тўпланган. Ҳатто келажакдаги маълумотлар марказларини электр энергияси билан таъминлаш ҳам стратегик муаммога айланиши мумкин. Чунки Қозоғистон электр энергияси импортининг асосий қисмини Россиядан олади.

Янги сунъий интеллект хаби учун зарур микрочипларни харид қилиш ҳам мураккаблашиши мумкин. Сабаби, 2023 йилда Қозоғистон орқали Россияга икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган технологиялар қайта экспорт қилингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган.

Бошқача айтганда, Остона ўз ҳамкорларини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда, бироқ айни пайтда тобора кўпроқ сиёсий блокларга бўлиниб бораётган ва энг муҳим таркибий қисмлари Қозоғистон назоратида бўлмаган саноатни ривожлантиришга уринмоқда.

Вашингтоннинг давлатларни Pax Silica экотизими ва Хитойнинг WAICO ташкилоти ўртасида танлов қилишга мажбурлаш нияти борлиги ҳақидаги хабарлар ҳам Қозоғистон учун бундай мувозанатни сақлаш тобора қийинлашиши мумкинлигини кўрсатади.

Шунга қарамай, Қозоғистон олдидаги асосий масала Вашингтон ёки Пекиндан бирини танлаш эмас.

Асосий вазифа – сунъий интеллектни ривожлантириш жараёни мамлакатни хорижий инфратузилмага янада қаттиқ қарам қилиб қўймаслигини таъминлашдир.

Агар келажакни сунъий интеллект, маълумотлар ва энергия тобора кўпроқ белгилайдиган бўлса, технологик суверенитет фақат дипломатик қўшилмаслик сиёсати билан таъминланмайди.

У, энг аввало, сунъий интеллект иқтисодиётининг пойдевори кимга тегишли эканига боғлиқ бўлади.