ҚОЗОҒИСТОНГА КИРИШ ПУЛЛИК БЎЛАДИ БУ ҚАНЧАЛИК САМАРАЛИ ЙЎЛ?
Қозоғистон хорижликлар, жумладан, ўзбекистонликлар учун пуллик электрон рухсатнома – ETA тизимини жорий этмоқчи. Бу визасиз режимга қандай таъсир қилади ва минтақавий интеграция учун қай даражада самарали ечим бўлиши мумкин?
Қозоғистонга кириш энди ўзбекистонликлар учун ҳам пуллик бўлиши кутилмоқда. Мамлакат хорижликлар учун Electronic Travel Authorization – ETA тизимини жорий қилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, визасиз режимдаги давлат фуқаролари сафардан камида 72 соат олдин электрон рухсатнома учун ариза бериши керак бўлади. Рухсатнома 180 кун амал қилади, бироқ унинг ўзи мамлакатга киришни кафолатламайди – якуний қарор чегара назорати вақтида қабул қилинади.
Бу ўзгариш биринчи қарашда оддий рақамлаштиришдек кўриниши мумкин. Қозоғистон ҳукумати QazETA платформасини хорижликлар учун миграция хизматларини бир жойга жамлаш, жараёнларни рақамлаштириш ва давлат хизматларини соддалаштириш воситаси сифатида тақдим этмоқда. Аммо амалиётда масала фақат электрон ариза билан чекланмайди. Агар рухсатнома пуллик бўlsa, Қозоғистонга қисқа муддатга бориб-келадиган одам учун ҳам янги молиявий ва маъмурий мажбурият пайдо бўлади.
Айниқса, бу тартиб Ўзбекистон фуқаролари учун сезиларли аҳамиятга эга. Чунки Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида визасиз режим мавжуд. Қозоғистоннинг расмий маълумотларида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз кириш 90 кунгача экани кўрсатилган. (EGOV) Ўзбекистон ҳам Қозоғистон фуқаролари учун визасиз режимни амалга оширади. (O‘zbekiston Respublikasi Hukumat portali) Яъни икки давлат ўртасидаги чегарадан ўтиш йиллар давомида оддий ва нисбатан эркин бўлиб келган.
Энг қизиғи, Марказий Осиёнинг ўзида бундай ёндашув минтақавий интеграция ғоясига савол туғдиради. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида фуқароларнинг ҳаракатини енгиллаштириш, савдо-сотиқ ва туризмни ривожлантириш масалалари тобора кўпроқ муҳокама қилинаётган бир пайтда визасиз кириш сақланиб қолган ҳолда унга қўшимча пуллик электрон рухсатнома қўшилиши одамларда норозилик келтириб чиқиши мумкин.
Қозоғистон ўз қарорини хавфсизлик, миграция оқимларини назорат қилиш ва рақамлаштириш зарурати билан изоҳламоқда. Бундай тизимлар дунёда мавжуд ва улар орқали давлатлар мамлакатга кириб келаётган хорижликлар ҳақида маълумотни олдиндан олишга ҳаракат қилади.
Бироқ унинг самарадорлиги харажат ва бюрократик юк билан солиштирилиши керак. Масалан, чегара орқали иш, савдо, ўқиш, қариндошларини кўриш ёки қисқа муддатли сафар учун мунтазам қатнайдиган ўзбекистонликлар учун ҳар бир сафар олдидан рухсатнома олиш қўшимча вақт ва маблағ талаб қилиши мумкин. Айниқса, Қозоғистон орқали Россияга қатнайдиган фуқаролар учун бу яна бир босқичли ҳужжатлаштириш жараёнига айланиши эҳтимоли бор.
Яна бир масала – икки томонлама муносабатлар. Агар бир давлат ўз фуқароларидан иккинчи давлатга кириш учун қўшимча тўлов талаб қилса, бу эртами-кечми фуқаролик низоларини келтириб чиқариши мумкин.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг визавий сиёсати аксинча, қатор давлатлар билан визасиз режимларни сақлаш ва электрон визани ривожлантиришга қаратилган. Расмий маълумотларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби мавжуд.
Шу сабабли Қозоғистоннинг янги тартиби фақат «кирганлик учун қанча пул тўланади?» деган савол билан чекланмайди. Асосий савол бу тизим ҳақиқатан миграция хавфсизлиги ва назоратини яхшилайдими ёки аввал визасиз бўлган ҳаракатни шунчаки қўшимча тўлов ва бюрократик жараён билан мураккаблаштиряптими?
Марказий Осиёда чегараларни енгиллаштириш ва ўзаро алоқаларни кучайтириш жараёни кетаётган бир вақтда ҳар қандай янги тўлов ёки рухсатнома тизими эҳтиёткорлик билан жорий этилиши керак. Акс ҳолда, хавфсизликни таъминлаш мақсадида киритилган механизм одамлар онгида янги тўсиқ сифатида қабул қилиниши, ҳатто қўшни давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва муносабатларга салбий таъсир қилиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг