ҚАМА-ҚАМАЛАР ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЙИРИК КОМПАНИЯЛАР МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛАДИМИ?
Қозоғистонда «Самрук-Қазина» раҳбари ва «Қозоғистон темир йўли» бош директори коррупция айблови билан ҳибсга олинди. Аммо таҳлилчилар бу шов-шувли ҳибслар йирик давлат компанияларидаги тизимли муаммоларни еча олмаслигини таъкидламоқда.
12 ноябрь куни Қозоғистон хавфсизлик хизмати «Самрук-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси раиси Нурлан Жақупов ва «Қозоғистон темир йўли» (ҚТЙ) давлат компанияси раҳбари Елжас Ўтиншиевни коррупция айбловлари бўйича ҳибсга олди. Орадан бир неча соат ўтиб, Остонада ҳар икки компаниянинг бош қароргоҳи яқинидаги турар жой мажмуаси олдида чемодонлар ва даста-даста нақд пул акс этган видеолар тарқалди. Блогерларнинг даъвосига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари етиб келганида балкондан 100 долларлик купюралар сочилган. Улар сочилган пулнинг умумий миқдорини 15 миллиондан 40 миллион долларгача деб баҳолаган. Расмийлар купюраларнинг ҳақиқийлигини ҳам, пулнинг ҳибсларга алоқаси бор-йўқлигини ҳам тасдиқламаган.
Шундан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини чақирди. У коррупцияни давлат компанияларининг «энг заиф нуқтаси» деб атаб, 2023–2025 йилларда умумий қиймати қарийб 560 миллион долларга тенг 3 100 дан ортиқ коррупция ҳолати қайд этилганини айтди. Тоқаев йиғилишда қатнашган амалдорларга вазиятни ўнглаш бўйича таклифлар киритиш учун 24 ноябргача муҳлат берди.
Гап катта иқтисодий манфаатлар ҳақида кетяпти. «Самрук-Қазина» Қозоғистон ялпи ички маҳсулотининг салкам 40 фоизига боғлиқ стратегик активларни назорат қилади. 2025 йилнинг тўртинчи чорагида бу активларнинг қиймати қарийб 87,5 миллиард долларни ташкил этган. Улар орасида акциялари биржада савдо қилинадиган «Қазатомпром», «ҚазМунайГаз» ва Air Astana каби компаниялар бор. ҚТЙ эса акцияларининг 20 фоизигача бўлган қисмини Лондон, Ҳонгконг ва Остона биржаларига чиқаришга тайёрланаётган эди. Битим қиймати 5 миллиард долларгача етиши мумкин эди. Жақупов акциялар 2026 йил охиригача биржага чиқарилишини айтганди. Энди бу режанинг амалга ошиши жиддий шубҳа остида.
Жақупов ҳам, Ўтиншиев ҳам Ғарбнинг йирик компанияларида ишлаган ва Тоқаев президентлиги даврида юқори лавозимларга кўтарилган. Масалан, Ўтиншиев меҳнат фаолиятини Ernst & Young компаниясида бошлаган ва ҚТЙ раҳбари этиб шу йилнинг июлидагина тайинланган. Улар давлат компанияларини замонавийлаштириши ва Тоқаев 2022 йилда эълон қилган ислоҳотларни амалга ошириши керак эди. Ўшанда президент «Самрук-Қазина»ни акцияларнинг назорат пакетини сақлаб қоладиган акциядорга айлантириш ва қолган улушларни хусусийлаштиришга ваъда берган. Тизимни ислоҳ қилиш ва коррупциядан тозалаш вазифаси юкланган технократларнинг ўзи коррупцияда айбланаётгани муаммонинг илдизи тизимнинг ўзида бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Қозоғистонлик таҳлилчилар ҳам муаммони тизимда кўради. Сиёсатшунос Досим Сатпаев «Самрук-Қазина»ни «қора қути» деб атайди. Унинг фикрича, жамғарма тўлиқ Сингапур ҳукуматига тегишли Temasek халқаро холдинги каби инвесторга айлана олмади. Иқтисодчи Олжас Худайбергенов эса уч-тўрт раҳбарни ҳибсга олиш билан чуқур илдиз отган коррупция тармоқларини йўқотиш мумкинлигига шубҳа қилади. 2025 йилда Қозоғистон Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида 182 давлат орасида 96-ўринга тушди.
Мамлакатдаги сиёсий вазият ҳам шубҳаларни кучайтиради. Танқидчилар бу йилги конституциявий ўзгаришларни Тоқаев ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган қадам деб баҳоламоқда. Августдаги сайлов ҳам халқаро миқёсда танқидга учради. Унда президентни қўлловчи янги партия 70 фоиз овоз олди. Судлар, парламент ва оммавий ахборот воситалари мансабдорларнинг ҳисобдорлигини таъминлай олмаса, коррупцияга қарши чоралар ҳам назоратнинг яна бир воситасига айланиши мумкин.
24 ноябргача тақдим этиладиган таклифлар «қора қути»ни очишга хизмат қилсагина аҳамият касб этади. Бунинг учун харидларга оид маълумотлар ва шўъба корхоналарнинг молиявий ҳисоботларини эълон қилиш, директорлар кенгашларига амалда мустақиллик бериш ва хусусийлаштиришни самарали ўтказиш чораларини жорий этиш керак. Шов-шувли ҳибслар ечимнинг бир қисми бўлиши мумкин. Кенг тарқалган коррупцияга қарши самарали курашишнинг ягона йўли эса молиявий ҳисоботлар шаффофлигини таъминлашдир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг