ҚАМА-ҚАМАЛАР ҚОЗОҒИСТОННИНГ МИНТАҚАВИЙ ИНФРАТУЗИЛМА ЛОЙИҲАЛАРИГА ТАЪСИР ҚИЛАДИМИ?
«Самрук-Қазина» ва ҚТЙ раҳбарларининг қўлга олиниши Қозоғистон темирйўллари атрофида хавотир кучайтирди. Мақолада ҚТЙнинг қарздорманлиги, IPO атрофидаги ноаниқлик ва бунинг Ўрта йўлак ҳамда минтақавий лойиҳаларга таъсири таҳлил этилади.
Ўтган ҳафта «Самрук-Қазина» раиси Нурлан Жақупов ва темирйўл соҳаси раҳбари Елжас Ўтиншиевнинг қўлга олиниши Қозоғистон миллий темирйўл компанияси – ҚТЙ кредиторлари орасида хавотир уйғотди. Иккаласи ҳам 14 ноябрь куни қамоққа олинган. Ҳозирча суд уларнинг айбдорлиги ҳақида ҳукм чиқармаган. ҚТЙнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича собиқ директори Мурат Булдекбаев ваҳимага ўрин кўрмаяпти. Унинг айтишича, ҚТЙ «Самрук-Қазина» орқали давлатга тегишли экани кредиторлар учун хавфни камайтиради, иш ҳақи ўз вақтида тўланяпти, қарзлар ҳам қайтариляпти.
ҚТЙнинг дефолтга учраш эҳтимоли паст, аммо бундай хотиржамликнинг асоси ўзи муаммоли. 2025 йилда АҚШнинг Fitch Ratings агентлиги ҚТЙга дефолт хавфи пастлигини англатувчи BBB рейтингини берган. Агентлик ҳукумат компанияни қўллаб-қувватлаши эҳтимолини «ўта юқори» деб баҳолаган. Бошқача айтганда, кредиторлар амалда темирйўл компанияси орқали Қозоғистон давлатига қарз беряпти.
Давлат кўмагига бўлган ишонч ҚТЙга қарз мажбуриятларини тез ошириш имконини берди. 2026 йилнинг иккинчи чорагига келиб кредитлар ва облигациялар ҳажми 3,9 миллион тенгега (8,8 миллиард доллар) етган*. ҚТЙ аввал ҳам кредит шартномасидаги молиявий талаблардан бирини бузган. HSBC банки бу талабдан фақат 30 ноябргача вақтинча озод қилган. Акцияларни биржада илк бор оммавий жойлаштириш (IPO) компанияга молиявий талабларни яна бажариш имконини бериши керак эди. Ҳибслардан кейин эса IPOнинг ўзи сўроқ остида қолди.
2026 йилнинг биринчи ярмида ҚТЙ фойдаси икки баравардан кўпроқ ошди. 2026 йилда транзит юк ташиш ҳажми 27,9 миллион тоннага етди. Булдекбаевнинг айтишича, йўловчи ташиш зарар келтиради ва компания фақат юк ташишдан фойда кўради. 2024 йилда Қозоғистон Олий аудит палатаси транспорт соҳасида қарийб 65 миллион долларлик молиявий қоидабузарлик, 378 миллион долларлик самарасиз харажат ва 690 миллион долларлик зарарни қайд этган. Палата раҳбарият ўзгармаса, ҚТЙ қарзларини тўлай олмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган.
ҚТЙга зарур сармояни жалб қилиши ва ликвидлигини ошириши керак бўлган IPO муддати бир неча бор ўзгарди. Февралда Bloomberg Қозоғистон ҳукумати май ойида акцияларни биржага чиқариб, 1 миллиард доллар жалб қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Кейин мамлакат транспорт вазири IPO 2027 йилнинг биринчи чорагига сурилганини айтди. Шундан сўнг муддат яна 2026 йил охирига қайтарилди. Айрим таҳлилчилар эса коррупция можароларидан кейин IPO умуман ўтказилмаслиги мумкин, деб ҳисобламоқда.
Бунинг оқибатлари Қозоғистондан ташқарида ҳам сезилади. ҚТЙ Хитойни Европа билан боғловчи Ўрта йўлакнинг асосий қисмини бошқаради ва 10 миллиард долларлик сармоя дастурини амалга оширишнинг ярмига етган. Дастур доирасида шу йилнинг ўзида 900 километр янги темирйўл қуриш кўзда тутилган. IPOдан тушадиган маблағ Хитойга учинчи темирйўл ўтиш пунктини очадиган Бахти–Аягўз линиясини молиялаштиришга ҳам йўналтирилиши керак эди. Янги линиялар қурилиши кечикса, буни Марказий Осиё ва Кавказдаги юк жўнатувчилар ҳам ҳис қилади.
Жаҳон банки Мўйинти–Қизилжар темирйўл линияси учун 1,41 миллиард долларлик кафолат берган, Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса ҚТЙ облигацияларига сармоя киритмоқда. Бу молиявий кўмак корпоратив бошқарувга оид шартлар билан берилган. Ҳибслардан кейин бу шартларни бажариш қийинлашди.
Ўзбекистон давлат инвестиция жамғармасининг акциялари май ойидан бери Лондон биржасида савдо қилинмоқда. Бу Ўзбекистонга ўзини минтақада хусусийлаштиришни ишончлироқ олиб бораётган мамлакат сифатида кўрсатиш имконини беради ва ҚТЙнинг Ғарб биржасига чиқишини янада қийинлаштириши мумкин. ҚТЙ Ҳонконг биржасига чиқишни ҳам кўриб чиқяпти. Хитой сармояси муқобил молия манбаи бўлиши мумкин. Бу эса Пекиннинг Ўрта йўлакдаги сармоявий иштирокини кучайтиради. Хитой бу йўлакда таъсирини ошириш учун АҚШ билан аллақачон рақобатлашмоқда.
Остона IPOни шошилинч ўтказиш ёки жимгина кун тартибидан олиб ташлаш ўрнига, уни ислоҳотлар ва хусусийлаштириш дастурининг бир қисми сифатида кўриши керак. Шаффофликни таъминлаш ва IPOнинг муваффақият эҳтимолини ошириш учун Қозоғистон зарар келтираётган йўловчи ташиш фаолиятини ҚТЙ таркибидан ажратиб, уни субсидиялаши, тўлиқ аудитдан ўтган молиявий ҳисоботларни эълон қилиши ҳамда ишонч уйғотадиган янги директорлар кенгаши ва раисини тайинлаши лозим. Давлат қўлловидаги темирйўл компаниясининг дефолт хавфи пастлиги инвесторларни хотиржам қилиши мумкин. Аммо ислоҳотларнинг кечикиши ва компания бошқарувида шаффофлик етишмаслиги зарур сармоянинг киришига ҳам, акцияларнинг биржага чиқишига ҳам тўсқинлик қилиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг